Озодбек ака, сизга Маданият вазири лавозими топширилганига деярли 4 ой бўлди. Одатда, қайсидир лавозимни эгаллаган инсоннинг фаолиятига баҳо бериш учун 100 кун вақт ўтиши кутилади. 100 кундан сўнг унинг натижаларига баҳо бериш мумкин. Сиз вазир сифатида лавозимга тайинлангандан сўнг нималарга кўпроқ эътибор беряпсиз ва нималарни қилишга улгурдингиз?

— Аввало, маданият бошқарув тизимида қарийб 3 йилдан бери фаолият юритаётган бўлсам, мен бирор иш қилдим деб айта олмайман. Сабаби, дастлаб, ўрганишда бўлдим. Тизим муаммоларини таҳлил қилиш, тушуниш ва муаммоларни ҳал қилиш самарадорлигини оширишга ҳаракат қилдим. Ҳеч кимга сир эмас, ўтган йиллар мобайнида маданият иккинчи даражали ёки ундан ҳам қуйироқдаги тизим сифатида қараб келинган. Бу давр мобайнида соҳани қўлдан келганча ўргандим, лекин 3 йил бунинг учун етарли эмас. Санъат соҳасида cуягим қотгани учун ҳам маданиятга оид муаммолар билан таниш эдим. Ҳозир мана шу муаммоларни ҳал қилишга имкон қадар ҳаракат қиляпман. Ўтган давр соҳани ичига киришим учун тайёргарлик бўлди, десам ҳам бўлади.

Соҳада ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар кўп бўлса-да, энг асосийлари янги фармон билан ўз ечимини топиши керак.

— Тушунишимча, фармон билан маданият соҳасида кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мақом ижрочилиги, бахшичилик ва катта ашула йўналишлари бўйича кадрлар тайёрловчи ОТМ - Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа ва санъат институти ташкил қилиниши белгиланган. Кадрлар тайёрланса, бунинг билан бирга унинг сифатига баҳо берадиган бахшишунос, мақомшунослар ҳам тайёрланадими?

— Умуман олганда, таълим соҳасидаги ислоҳотларда мана шу соҳага оид олимларни етиштириш мақсад қилиб олинган. Сабаби, айниқса, бахшичилик ва мақом йўналишларида зўр ижрочиларга муҳтож эмасмиз. Улар бугун бор. Истеъдодлар турли ҳудудларимизда мавжуд. Бироқ ўтган давр мобайнида илм билан ҳеч ким шуғулланмади- назария узилди. Дейлик, Юнус Ражабий мақом санъатини нотага киритиб, мақом меросимизни қоғозга туширган мақом йўналишидаги биринчи ва охирги академик бўлиб қолган.

Шундан сўнг ўтган давр мобайнида бирорта академик бўлмаган, соҳада сезиларли ўзгаришлар қилинмаган ва яхши ўқув қўлланмалар чиқарилмаган. Ҳатто консерваторияда мақом ижрочилиги факультетида устоз-шогирдлик анъанаси бўйича таълим берилмоқда. Мен буни қораламоқчи эмасман. Бироқ хавотирли томони: агар шу йўналишда бирор устоз қолмаса, демак, бу санъат ўлди дегани. Чунки унинг ҳужжати, паспорти йўқ.

Яъни, масалан, жаҳон мусиқаси йўналишида бизда бирорта мутахассис қолмаса, методикалардан фойдаланиб, ўрганиб, ишни қайтадан йўлга қўйса бўлади. Бироқ мақомчилик йўналишида шундай ҳолат бўлса, бу йўналиш тугайди. Шунинг учун мақомчилик, катта ашула каби йўналишларда билими бор устозларни илмга йўналтириб, улардан керакли нарсани олиб қолишимиз керак.