Кемадаги икки астронавт – Дуглас Ҳерли ва Роберт Бенкен космик станция бортига ўтишди.

Улар орбитада қанча вақт қолиши ҳали маълум эмас. Аммо Dragon кемасини 4 ойдан кўп вақт орбитада қолдириб бўлмайди.

Америкалик икки фазогирни бунгача станцияда бўлиб турган ҳамюрти Крис Кэссиди ҳамда россиялик Анатолий Иванишин ва Иван Вагнерлар кутиб олишди.

Миссиянинг биринчи босқичи якуни – кеманинг ХКСга автоматик равишда уланиши ҳам SpaceX`нинг ютубдаги каналида трансляция қилиб борилди.

Crew Dragon 30 май куни Флоридадан Falcon 9 ташувчи-ракетаси билан орбитага олиб чиқилган эди. Маҳаллий вақт билан соат 15:22да йўлга чиққан экипаж 19 соатда Халқаро космик станцияга етиб келди.

Кеманинг ХКСга яқинлашувига деярли 2 соат вақт кетди, шундан сўнг учувчи аппарат станция билан автоматик режимда уланди.