Алишер Ҳамроев, депутат:

– Биз ўтган йили биринчи маротаба давлат бюджетини қонун шаклида қабул қилдик. Бу эса муҳим молиявий ҳужжатнинг мақоми ва аҳамиятини оширди. Лекин менинг фикримча, давлат бюджетида ҳали ҳам шаффофлик, бюджет интизоми ҳамда ҳисобдорлик етарли эмас. Жумладан, маҳаллий ҳокимликлар халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари билан келишмаган ҳолда маҳаллий бюджетларга ўзгартишлар киритганлиги Ҳисоб палатаси томонидан аниқланган.

Келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олишда масъул вазирлик ва идоралар масъулияти ва жавобгарлигини ошириш керак. Парламент ҳам мазкур йўналишда қонун ҳужжатларига ўзгартиш киритиши лозим.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг хабар беришича, қуйи палатадаги муҳокамалар чоғида депутатлар давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йил ҳамда 2020 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқиш чоғида ўз электоратлари томонидан жойларда кўтарилаётган қатор савол ва таклифларни ўртага ташлашган.

Ботир Мардаев, депутат:

– Ҳисоб палатаси томонидан 2019 йилда бюджет маблағларининг бирламчи тақсимловчилари соҳага ажратилган бюджет маблағларидан қанчалик мақсадли фойдалангани ўрганилганда бир қатор давлат муассасаларида маблағлардан бюджет интизоми бузилган ҳолда фойдаланганлик фактлари аниқланган.

Бугун ялпи йиғилишда молия вазири олдига ана шундай муаммолар ҳақидаги масалани қўйдик. Уларнинг ечими бўйича фикр алмашдик. Ҳар бир вазирлик таркибида ички молиявий назорат тизими, яъни ички Аудит ташкил қилинган, бунинг учун етарли штатлар, маблағ ажратилган. Келгусида ана шу имкониятлардан кенг фойдаланиш лозим. 

Наврўз Юсупов, депутат:

– Давлат бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталарда атрофлича кўриб чиқилди. Бу жараёнда ҳукумат вакилларидан қўшимча маълумотлар ҳам олдик. Ҳисоботни таҳлил қилиш чоғида айрим масалалар ҳам кўзга ташланди. Жумладан, Давлат божхона қўмитаси томонидан бюджетга ўтказилиши лозим бўлган маблағларнинг кечиктириб ўтказилгани маълум бўлди.

Мазкур масала юзасидан қўмита раҳбарияти билан ўтказилган муҳокамалар жараёнида божхона органлари томонидан ундирилаётган маблағларни автоматик тарзда давлат бюджетига ўтказилишига келишиб олинди ва буни амалга ошириш учун қонунчиликка тегишли ўзгартишлар киритиш ва махсус электрон дастур ишлаб чиқилиши лозимлиги қайд этилди.