Туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабарига кўра, эксклав ҳудудни вилоят маркази – Фарғона шаҳри билан ҳаво йўллари орқали боғлаш имкониятлари кўриб чиқилмоқда.
«Тумандаги эски аэродромни қайта таъмирлаб, вилоят марказига ҳаво йўллари орқали бориб келишни йўлга қўйиш масаласи ҳам давлатимиз раҳбарининг эътиборида», – дейилади расмий пресс-релизда.
31 май куни Қирғизистон билан чегарадаги Чашма булоғида икки мамлакат фуқаролари ўртасида низо келиб чиққач, 1 июнь куни Бош вазир Абдулла Арипов Боткен вилоятида қирғизистонлик ҳамкасби Қубатбек Боронов билан учрашди.
Шундан сўнг, 2-3 июнь кунлари Бош вазир ўринбосарлари ва қатор вазирлар Сўх туманида бўлиб, туманни комплекс ривожлантириш бўйича манзилли дастур лойиҳасини ишлаб чиқди.

Шунга асосан ҳозирда Сўхни обод туманга айлантириш учун 1 трлн сўм ажратилишини кўзда тутувчи президент қарори лойиҳаси тайёрланмоқда.
Йўллар, завод ва иш ўринлари. Сўхни ривожлантириш учун 1 трлн сўмга яқин маблағ ажратилади
3 июнь кунги йиғилишда таъкидланишича, ҳудудда инвестиция соҳасида жорий йил давомида қиймати 101 млрд сўм бўлган 73та лойиҳа амалга оширилади. Бунинг натижасида 4,5 минг янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда. Банклар кўмагида 82 лойиҳа амалга оширилиб, бунинг учун биргина Сўх тумани учун 153 млрд сўм кредит йўналтирилади.

Туманда цемент заводи қуриш таклифи ўртага ташланган.
3та дам олиш маскани, 6та кичик саноат ҳудуди ташкил этилиши белгиланди.

















