Президент матбуот хизматининг қайд этишича, шу йил 28 апрелда давлат раҳбарининг «Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди. Қарорда белгиланган вазифаларни сифатли амалга ошириш ва координация қилиш учун Бош вазир маслаҳатчиси лавозими жорий этилди.

Бугунги тадбирда соҳадаги мақсадларга замонавий дастурчилар тайёрлашни жадаллаштириш орқали эришиш мумкинлиги қайд этилди.

«Бир миллион дастурчи» лойиҳасининг дастлабки босқичида 62 мингдан зиёд ўқувчи қамраб олиниб, уларнинг 5400 нафарига малака сертификати берилди.

Жорий йил якунига қадар 100 минг нафар ва 2021 йилнинг биринчи ярмида яна 150 минг нафар ўқувчини ўқитиш, талабаларнинг дастурий таъминот бўйича малакасини ошириш вазифаси белгиланди.

5-синфдан ўқитиб келинаётган информатика фанини замонавий технологиялардан келиб чиқиб такомиллаштириш, ушбу фанга «Бир миллион дастурчи» лойиҳасига доир йўналишларни киритиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Бугунги кунда рақамли иқтисодиёт, «электрон ҳукумат» хизматларига талаб кундан кунга ошиб бормоқда. Лекин ҳозирда 780 тур давлат хизматидан бор-йўғи 185тасидан «электрон портал» орқали фойдаланиш мумкин.

Аксарият ташкилотларда иш жараёнини рақамлаштириш фақат ҳужжат алмашинувини электронлаштириш билан чекланиб қолмоқда.

Шу боис «Электрон ўқитиш дастури» орқали ўқиб, диплом олган дастурчиларни давлат ва хўжалик муассасаларига IT мутахассис сифатида ишга олиш зарурлиги таъкидланди. Улар ташкилотларнинг барча фаолиятини анъанавий электрон форматдан рақамли кўринишга ўтказишга масъул бўлади.

Мисол учун, бугунги кунда камбағал оилаларга кредит ва субсидиялар бериш масаласини махсус электрон дастур аниқ мезонлар асосида автоматик равишда белгилаши керак.