Жамият | 09:07 / 12.06.2020
12367
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда пневматик милтиқ билан қиз болани жароҳатлаган шахс ушланди

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “е” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Фото: Тергов департаменти

2020 йилнинг 6 июнь куни соат 21:00да 31 ёшли С.К. танишлари билан Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Янгиобод қишлоғида жойлашган таниши М.Ж.га қарашли балиқ етиштириладиган кўлга борган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, у спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолатда М.Ж.га тегишли Gamo русумли пневматик милтиқдан кўлдаги ўрдакларни овлаш мақсадида ўқ узиб турган вақтида, бошқа таниши Б.Ш. билан бирга икки нафар қиз келиб, дала шийпони олдига машинадан тушганлигини кўрган.

Шундан сўнг, С.К. тахминан 50 метр узоқликда, унга олдиндан таниш бўлмаган фуқаро 18 ёшли С.Ч.ни пневматик милтиқнинг оптик мосламаси ёрдамида кузатмоқчи бўлиб, ҳеч бир сабабсиз, безорилик оқибатида пневматик милтиқни С.Ч. томонга қаратиб, уни кузатаётган вақтида тепкини босиб юбориши натижасида пневматик милтиқнинг қўрғошинли ўқи С.Ч.нинг ўнг елкасига бориб теккан.

Натижада, С.Ч. оғир тан жароҳатлари олиб туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Ҳодиса жойидан Gamo русумли пневматик милтиқ ва унинг 2 дона қўрғошинли ўқлари ашёвий далил тариқасида олинган.

Ҳолат юзасидан Яккабоғ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “е” банди (безорилик оқибатида қасддан баданга оғир тан жароҳати етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, С.К. гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган ва процессуал тартибда ушланган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид