Эроннинг «жилов»ини ким тортиб турибди?
Эрон Сурия билан қуруқликда умумий чегарага эга эмаслиги бу фикрнинг нақадар оғир ва экспансиявий характерга эгалигини кўрсатди. Эрон нафақат Сурияни, балки Ироқ, Ливан ва Яманни ҳам қамраб олувчи кенгроқ минтақавий тизимни кўзламоқда. Айтиш мумкинки, «Шиа ҳилоли» формуласи ҳам ушбу тизимнинг ҳосиласидир. Юқорида айтиб ўтилган экспансионизм эса ўзида ҳарбий ва стратегик жиҳатлардан ташқари, Эроннинг Сурияга иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан ҳам кириб борганини ифода этади.
Бироқ таъкидлаш жоизки, Теҳрон муваффақиятга ёлғиз ўзи эришгани йўқ. 2015 йилда Россия уруш майдонига кириб келди ва ҳаво ҳужумлари билан мухолифатни чекинтиришга киришди. Шу даврдан эътиборан Асад учун хавф-хатар йўқолиши баробарида Сурия масаласи Теҳрон маъмурияти учун ҳарбий хавфсизлик мақомидан чиқди.
Эндиликда Теҳрон Сурияни ўз хавфсизлиги учун асос, Асадни ҳокимият тепасида ушлаб туришни эса стратегик ютуқларнинг калити сифатида кўради. Аммо бу давлатнинг Суриядаги таъсири чекланган. АҚШ, Россия, Туркия ва бошқа кучли фигуралар Эроннинг «жиловини тортиб турибди». Шу боис ҳам бу давлат Сурияда аввалгидек бемалол иш юрита олмаяпти.
Эроннинг Суриядаги йўқотишлари ва ютуқлари
Сўнгги йилларда Эрон ҳарбий кучлари ёки Ислом инқилоби муҳофизлари (DMO) томонидан мувофиқлаштирилган шиа милициясининг минтақавий бўлинмалари йўқотишларга учрамоқда. Ушбу йўқотишларнинг асосий сабаби эса Исроил томонидан амалга оширилаётган ҳаво ҳужумларидир. Мазкур операциялар давомида Эрон юзлаб аскарларини йўқотди. Эроннинг Суриядаги ҳамкори Россия эса бу вазиятга жимгина қараб турибди. Исроилнинг Россия ҳаво ҳужуми мудофаа тизимлари қаршилигини енгиб ўтиб, ҳужум қилолмаслигини ҳисобга олсак, Россия Сурияда Эронни чеклашга уринаётгани ойдинлашади.
Шу маънода, Россия Халқаро ишлар кенгаши (RIAC) тадқиқот институтининг Россия-Туркия-Эрон алоқалари тўғрисида эълон қилган ҳисоботи эътиборга молик. Мазкур ҳисоботда келтирилишича, Россия ва Туркия Асадни ҳокимиятдан олишга, Сурия мухолифатини ҳам ичига оладиган ўтиш даври ҳукуматини тузиш тўғрисида келишиб олишган. Буни Россиянинг Сурия масаласида ўз позициясини қайта кўриб чиқаётгани сифатида баҳолаш мумкин.














