Norma’нинг ёзишича, қуйидагилар 2020-2025 йилларда Банк-молия академиясини ривожлантириш концепциясининг асосий йўналишлари ҳисобланади:
республика резидентлари ва норезидентларини уч (ўзбек, рус, инглиз) тилда ўқитиш назарда тутиладиган ўқишга очиқ қабул қилишни ташкил этиш;
бизнес маъмуриятчилиги соҳасида бакалавр ва магистр (ВВА ва МВА) академик даражасини берган ҳолда, банк бизнеси ва молияни бошқаришнинг амалий кўникмаларини шакллантиришга қаратилган ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
роботлаштиришнинг ўсиб бораётган таъсири ва сунъий интеллект технологиялари ривожланишини инобатга олган ҳолда меҳнат бозоридаги ўзгаришларни ҳисобга оладиган иқтисодиёт ва молия соҳасидаги истиқболдаги янги касблар харитасини ишлаб чиқиш;
давлат намунасидаги диплом берган ҳолда кадрлар тайёрлашни таъминлаш;
халқаро корпоратив университетлар («Сбербанк» ОАЖ, Credit Suiss, Unicredit ва бошқалар) билан биргаликда қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш;
масофадан туриб (электрон) ўқитиш орқали республика ҳудудларидаги тижорат банклари филиаллари учун таълим дастурларини ташкил қилиш ва ўтказиш.
Академия қуйидагилар бўйича таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади:
бакалавриат ва магистратура мутахассисликлари бўйича юқори малакали мутахассисларни ҳамда раҳбар кадрларни тайёрлаш;
банк ва молия соҳаси учун кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш.
Академиянинг бакалавриат ва магистратурасида қуйидагилар таълим олади:
давлат грантлари маблағлари ҳисобидан давлат органлари ва бошқа давлат ташкилотлари ходимлари;
Академия Кенгаши томонидан белгиланган квоталар доирасида тўлов-контракт асосида республика резидентлари ва норезидентлари.
Бошқа олий ўқув юртларининг иқтисодий йўналиш бўйича бакалавриати 3-курсида таҳсил олаётган иқтидорли талабалар ўқишини танлов асосида Академияга ўтказишлари мумкин.







