Ўзбекистон | 16:04 / 15.06.2020
30354
2 дақиқада ўқилади

Молия вазирлиги: Гулнора Каримованинг қайтарилган маблағлари умумбелгиланган тартибда сарфланмоқда

Молия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Шерзод Муҳаммедов чет элга ноқонуний олиб чиқилган активларнинг Ўзбекистонга қайтарилиши борасида олиб борилаётган ишларга бағишланган брифингда Гулнора Каримованинг Париждаги кўчмас мулк сотувидан тушган 10 млн доллардан ортиқ маблағ қаерларга сарфлангани ҳақида маълумот берди.

«Молия вазирлигида мол-мулкларнинг Ўзбекистонга қайтарилиши ёки мамлакатимиз ичида мол-мулклар мусодара қилиниши бўйича ҳар бир сотилган мол-мулк эгасининг фамилия ва исми бўйича ҳисоб юритилмайди.

Тўғри, жорий йилнинг 14 май куни Франциядан 9,8 млн евро (10,2 миллион АҚШ доллари) миқдоридаги активлар Ўзбекистонга қайтарилган ва давлат бюджетига (Яғона ғазна ҳисоб рақамига) келиб тушган.

Ўзбекистон Республикаси Бюджет Кодексининг 51-моддасига мувофиқ, давлат даромадига ўтказилган мол-мулкни реализация қилишдан тушган тушумлар Республика бюджети даромадлари манбайи ҳисобланади.

Шу сабабдан, юқорида айтиб ўтилган маблағлар Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетига (Яғона ғазна ҳисоб рақамига) даромадлар сифатида кирим қилинди.

Мазкур маблағлар умумбелгиланган тартибда, яъни 2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисидаги қонунида белгиланган тадбирлар учун (иш ҳақи, ижтимоий объектлар ва бошқа муассасаларни сақлаш, давлат дастурлари доирасидаги харажатларга) йўналтирилади.

Бошқача тушунтирадиган бўлсак, Давлат бюджети харажатлари миқдори ўзгармаган ҳолда унинг даромадлари ошади, яъни бюджет дефицити камайиб, ўз-ўзидан ушбу суммага четдан камроқ қарз жалб қиламиз», деди Шерзод Муҳаммедов ўз чиқишида.

Бундан олдинроқ Адлия вазирлиги Гулнора Каримованинг Франциядан қайтарилган 10 млн долларлик активлари Париж марказидаги уйини сотишдан келиб тушгани ва маблағлар давлат бюджетига ўтказиб берилгани ҳақида маълумот берганди.

Мавзуга оид