Фаррух Нуридинов – 2003 йилда Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаган, кейинчалик Манчестер университети ва Нью-Йорк университетида магистратурада таҳсил олган.

Тажрибали ҳуқуқшунос айни пайтда АҚШ федерал судларида қатнашувчи ягона ўзбекистонлик адвокат саналади. Нуридинов Американинг энг яхши адвокатлари ассоциацияси (AOATL)нинг Нью-Йорк штати бўйича юз нафар энг яхши адвокатлар рўйхатига киритилган.

Ҳамюртимиз YouTube`да жонли трансляция қилинган суҳбат давомида влогер ва фойдаланувчиларнинг Америкадаги ҳаёт, у ердаги ўзбекистонликлар ўртасидаги ажримлар ва бошқа мавзулардаги кўплаб саволларига жавоб қайтарди.

Kun.uz «Хориждаги ўзбеклар» рукнида ушбу интервьюнинг асосий қисмини матн ҳолида тақдим этади.

«Америкада судьяларга жуда катта ваколатлар берилган. Улар нафақат қонунга бўйсунади, балки қонунларни ҳукумат, прокуратурадан мустақил равишда талқин ҳам қилади. АҚШ судьяларининг энг катта ютуғи ҳам шу, деб ўйлайман.

Қолаверса, судьяларнинг квалификацияси ниҳоятда юқори. Федерал судлар 3та поғона: бошланғич, апелляцион ва олий суддан иборат. Федерал судларда коррупция йўқ, деб айта оламан», – дейди Фаррух Нуридинов.

– АҚШда қонун устуворлиги тан олинади. Қонунларнинг кучлилиги, қонунга бўйсуниш даражаси баландлиги нимага боғлиқ?

Фаррух Нуридинов

– Ўз кузатувларимга кўра, англо-саксон тизимига асосланган ҳуқуқий тизимлар қатъий интизомга асослангандир. «Мумкин эмас» дейилган нарса мумкин эмас.

Фуқаролар ўзларига маъқул депутат, конгрессменни сайлашади. Улар эса қонунлар чиқаришади. Агар кейин одамлар шу қонунларга бўйсунмаса, уни жавобгарликка тортиш механизми кучли ривожланган. Бутун жамиятда шу нарсага келишилган: биз конгессмен ва сенаторни сайлаймиз, улар қонунлар чиқаришади ва биз шу қонунларга бўйсунамиз, деган фикр билан ҳаракат қилишади. Умуман, қонунларни ҳурмат қилиш ниҳоятда юқори даражада.