
Аввалроқ ҳинд нашрлари Ҳиндистон-Хитой чегарасидаги баҳсли ҳудуд бўлмиш Галван водийсида рўй берган тўқнашув оқибатида 1 зобит ва 2 аскар ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатганди. Кейинроқ оғир тан жароҳати олганлардан яна бир неча нафари вафот этгани тўғрисида хабарлар тарқалди. Шунингдек, Хитой томонидан жами 43 киши жабрлангани, жумладан бир неча киши ҳалок бўлиб, яна бир неча киши оғир жароҳатлангани айтилди.
Ҳодиса ҳақида хабар тарқатган ҳинд нашрларида бу ҳудудда ўқ овози эшитилмагани айтилган, ҳинд аскарлари «ўлгунча калтаклангани» тахмин қилинганди.
Бу маълумот расман тасдиғини топмади, аммо сўнгги ҳафталарда чегара ҳудудида аскарлар ўртасида муштлашув ҳолатлари кузатилаётганди.
Назорат чизиғи деб аталадиган ушбу чегара ҳудудида кўп йиллардан буён ўқ овози эшитилмаган ва ҳарбийлар ўлими кузатилмаганди. Ҳиндистон армияси бу сафарги тўқнашувда ҳам ўқ узилмаганини таъкидламоқда.
Ёмон демаркация
Ҳиндистон нашрлари икки томондан ҳам йўқотишлар бўлганини ёзмоқда, аммо Хитой армияси хитойлик ҳарбийлар ўлими ҳақидаги маълумотни тасдиқламаяпти, ХХР ТИВ вакили сешанба кунги брифингда ҳиндистонлик ҳарбий хизматчилар ўлими ҳақидаги хабардор қилинмаганини айтди.
Қайд этиш керакки, Хитой ва Ҳиндистон ўртасидаги амалдаги назорат чизиғи яхши демаркация қилинмаган, бу ҳудудда дарё, кўл ва тепаликлар мавжудлиги туфайли, унинг географик жойлашуви ўзгариб туриши мумкин. Бу эса Ҳиндистон ва Хитой армиялари турли нуқталарда юзма-юз туришига олиб келади.
Ҳиндистон армияси баёнотида қайд этилишича, икки давлат мудофаа вазирликлари вакиллари кескинликни юмшатиш мақсадида учрашув ўтказишади. Хитой томони ҳам учрашув ўтказилишини тасдиқлаган, шу билан биргаликда, Ҳиндистонни давлат чегараларни бузишда айблаган.
Хитой ТИВ расмийси Чжао Лицзянь сешанба кунги брифингда ҳиндистонлик ҳарбийлар душанба куни икки марта назорат чизиғини кесиб ўтишгани ва «иғвогарона ҳаракатларни амалга ошириб, хитойлик ҳарбий хизматчиларга ҳужум уюштиргани, бу икки томон ўртасида жиддий низога сабаб бўлгани» ҳақида гапирди.
















