Фикримча, айнан халқимизнинг кўп давлатларга нисбатан интизомлилиги, сабрлилиги бу касалликнинг вабо каби тез тарқалмаслигини таъминлади. Ўз-ўзини изоляция қилиш ва ҳукумат томонидан ўрнатилган чекловларни сўзсиз бажаришда халқимиз кўпчиликка ўрнак бўлди.

Лекин масаланинг иккинчи томони – ўрнатилган чекловлар ва жорий этилган карантин туфайли кўпчиликнинг даромади кескин камайди, баъзилар эса умуман даромад манбайидан маҳрум бўлди. Албатта, аҳолининг турли қатламларига ҳукумат томонидан ёрдам кўрсатилди. Жумладан, ўтган вақт давомида президентнинг 6та фармони ва шу қаторда қарорлари ҳамда бошқа тегишли ҳукумат тизимлари қарорлари қабул қилинди.

Уларга асосан:

  • Аҳолига ер ва мулк солиқлари юзасидан турли солиқ имтиёзлари берилди;
  • Аҳолига коммунал хизматлар учун тўловлар муддати кечиктирилди;
  • Аҳоли банклардан олган истеъмол кредитларини тўлаш муддатлари кечиктирилди;
  • Инқирозга қарши захира тузилиб, унинг маблағлари биринчи навбатда соғлиқни сақлаш тизимини тиклашга, мамлакатда санитария ва тозалаш ишларини амалга оширишга, соғлиқни сақлаш тизимидаги ходимлар меҳнатини рағбатлантиришга қаратилди;
  • Озиқ-овқат ва тиббиёт маҳсулотларини импорт қилишдаги акциз ва божхона тўловлари бекор қилинди;
  • Кам таъминланган оилаларга тўловлар муддати узайтирилди ва қамрови оширилди;
  • Якка тартибда фаолият юритаётган тадбиркорлар қисман даромад ва ижтимоий солиқлардан озод қилинди;
  • Банклардан кредит олаётган хусусий ташкилотларга банк фоизлари 8 фоизгача компенсация қилина бошлади;
  • Туризм соҳасида ишлайдиган барча корхона ва хусусий шахсларга турли иқтисодий ва солиқ имтиёзлари берилди.

Лекин энг асосий масала — аҳолига бевосита ҳокимият томонидан бериладиган молиявий ёрдам ҳануз ҳал бўлмаган ва турли важлар билан ортга суриб келинмоқда.

Ҳукумат кўндаланг турган бундай саволга ижобий жавоб бермай, бу масалани четлаб ўта оладими?

Айтиш керакки, бугунги кунга қадар Молия вазирлиги қошида тузилган Инқирозга қарши курашиш жамғармасига 7,5 триллион сўмга яқин маблағ тўпланган бўлиб, бунинг 3,33 триллион сўми биринчи навбатда ана шу юқорида кўрсатилган мақсадларга сарфланган.

Яна нималар қилиниши керак?

Бошқа мамлакатлардан фарқли равишда Ўзбекистон аҳолига бевосита моддий ёрдам кўрсатмади. Бунинг том сабабини, тўғрисини айтганда, тушуниш жуда қийин. Шунинг учун қандай изоҳ беришни ҳам билмайсан, киши.