«Ўтган йил охирида, йил бошида бюджетни тасдиқлаётганда режаларимиз умуман бошқача бўлган. Бу йил февраль ойи охири, март ойи бошида бўлган ўзгаришларни ҳеч ким прогноз қилмаган.

Халқаро бозорларда нефть нархи ўзгариши режаларни ўзгартира бошлади. Кейин пандемия шароитида бизнинг давлатда ҳам эълон қилинган карантин барча режаларни кескин равишда ўзгартириб юборди.

Бюджетимиз ўтган йил охирида 2020 йилга дефицит билан тасдиқланган. Дефицитни қоплашга албатта ташқи қарздан фойдаланиш режалаштирилган бўлиб, бир қисмини халқаро молиявий ташкилотлардан, бир қисмини халқаро капитал бозорларига чиқиб, евробондларни жойлаштириш орқали қоплаш режалаштирилган.

Евробондни жойлаштиришни баҳорга режалаштиргандик. Аввал евробондларни жойлаштириб, қўшимча пул жалб қилишни мўлжаллагандик. Халқаро молиявий ташкилотлардан қарз олиш эса аксинча йилнинг охирига режалаштирилганди.

Лекин бутун дунёда рўй берган воқеа халқаро молиявий бозорларга ҳам таъсир қилди. Ҳозир 2-3 ой ўтганидан кейин молиявий бозорлар сал тинчланди. Мавҳумлик йўқолди. Лекин февраль ва март ойларида шу даражада мавҳумлик бўлганки, ҳатто халқаро молиявий ташкилотлар ҳам бу инқироз қанчалик чуқур бўлиши, қанча давом этиши бўйича аниқ прогноз бера олмаган. Аниқ прогнозлар бўлмагани халқаро капитал бозорларига ҳам ўз таъсири кўрсатган, маълум бир даврга ривожланаётган давлатларга халқаро капитал бозори деярли ёпилди деб айтсак ҳам бўлади. Чунки ҳамма инвесторлар ўз ресурсларини ривожланаётган давлатлардан олиб чиқиб кетиб, бошқа активларга инвестиция қилишни бошлади», дея Тимур Ишметовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

У шароитдан келиб чиқиб, режалар ўзгаргани ҳақида гапирди.

«Ана шу пайтда биз режаларни ўзгартиришга мажбур бўлдик. Биринчиси, евробонд орқали қарз жалб қилишни бозор шароитига қараб йилнинг кейинги даврига қолдириш. Бирламчи даврда эса бошқа инструментларни кўриш. Иккинчи ўзгариш – бундай шароитда иккинчи чорак учун бюджетдаги тушумлар, харажатларимиз ҳам кескин ўзгарди. Яъни бундай инқироз даромадларимизга таъсир қилиб, даромад режаларимиз пасайтириш томонга ўзгартирилган бўлса, харажатларни эса аксинча оширишга мажбур бўлганмиз. Ҳаммангизга маълум, айнан карантин даврида соғлиқни сақлаш соҳасига кўпроқ пул сарфлашга қарор қилинган», деди вазир.