Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати маълумотига кўра, йўл-транспорт ҳодисаси 11 ноябр куни соат 11:30 ларда Яшнобод тумани Оҳанрабо кўчасида содир бўлган.

Қайд этилишича, 1991 йилда туғилган ҳайдовчи Spark русумли автомобилни бошқариб кетаётиб, йўлнинг белгиланмаган қисмидан кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборган.

Ҳодиса оқибатида жабрланган пиёдага тез тиббий ёрдам кўрсатилган ва у шифохонага олиб кетилган. Унинг ҳозирги аҳволи ҳақида маълумот берилмаган.

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ЙҲХБ ҳайдовчиларни йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя этишга, пиёдаларни эса йўлни фақат белгиланган жойлардан кесиб ўтишга чақирди.