Дунёга машҳур Алп тоғларидан-да бетакрор, табиати гўзал, иқлими мўътадил, баҳаво Зомин тоғлари бағрида жойлашган "Истиқлол" болалар соғломлаштириш оромгоҳида айни пайтда “Сардоба” сув омбори ҳалокати натижасида жабрланган оилаларнинг фарзандлари дам олишмоқда.
Ҳукуматимиз томонидан Сардоба сув омбори ҳалокати жабрланувчиларига ҳар томонлама ёрдам беришга доир ташаббус “Олмалиқ КМК” АЖ раҳбарияти томонидан ҳам қўллаб-қувватланиб, ушбу ташаббус доирасида Жиззах вилоятининг Зомин туманида жойлашган “Истиқлол” болалар соғломлаштириш оромгоҳи ҳам сирдарёлик болажонларнинг ёзги таътил мавсумида мароқли дам олишлари учун ҳозирланди. 2020 йил 12 июнь куни ушбу оромгоҳ 160 нафар болажонни қабул қилиб олди. Ахборот хизматининг ижодий гуруҳи 15 июнь куни мазкур оромгоҳга ташриф буюриб, болажонларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

-2020 йил 12 июнь куни 160 нафар 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган Сирдарёлик болаларни қабул қилиб олдик, - дейди оромгоҳ бошлиғи Дилором Усанова. - Болажонлар – “Элпарвар”, “Мард ўғлон”, “Ўзбегим қизлари”, “Зулфия издошлари”, “Ёшлик”, “Истиқлол”, “Юлдузча” ҳамда “Кичкинтой” каби отрядларга бўлинган ҳолда дам олишмоқда. Бу йил оромгоҳимиз “Ватанга муҳаббат, истиқлолга садоқат, миллий меросга ҳурмат” шиори остида ўз фаолиятини олиб бормоқда. Ҳозирги пандемия вақтида оромгоҳда қатъий карантин қоидаларига риоя этилган ҳолда болажонлар учун 13 нафар малакали педагоглар жамоаси, 2 нафар шифокор ва 3 нафар ҳамширалар, 8 нафар етакчилар ҳамда қўриқлаш ташкилоти ходимлари хизмат қилиб келишмоқда.
Болажонларнинг оромгоҳда мазмунли ва мароқли ҳордиқ олишлари учун “Моҳир қўллар”, “Ёш табиатшунос”, “Инглиз тили”, “Маънавият ва маърифат дарслари”, “Бисер тўқиш”, “Расм чизиш”, “Ёш сухандон” каби тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Ҳар бир тўгаракка масофа сақлаган ҳолда 5 нафардан бола навбатма-навбат қатнашади. Бундан ташқари, ўзида 1300 дона бадиий адабиётларни жамлаган кутубхонамиз ҳам ҳар куни соат 9.00дан 18.00гача кутубхоначимиз Маҳбуба Ҳасанова бошчилигида болажонлар хизматида. “Ёш сухандон” тўгараги аъзолари томонидан ҳар куни радио орқали оромгоҳ янгиликлари, ватанпарварлик руҳидаги суҳбатлар олиб борилиб, шеърлар ўқилади.

Шунингдек, болажонларни соғломлаштириш мақсадида стол теннниси, футбол, баскетбол, волейбол, шашка, шахмат, бадминтон каби спорт тўгараклари ҳам ўз фаолиятини олиб боришмоқда.
Оромгоҳда болажонлар кун тартиби бўйича соат 7.00да уйқудан туришади ва бадантарбия машқларидан сўнг нонушта қилинади. Бош ошпаз Карина Филимонова бошчилигидаги қўли ширин ошпазлар Мавжуда Аҳмедова, Насиба Бойзоқовалар томонидан тайёрланаётган мазали таомлар болажонларга манзур бўлмоқда. Соат 13.00да тушлик, 16.00да алвон чой, 18.00да кечки овқат, 21.30да иккинчи кечки овқат берилмоқда. Гўшт ва сут маҳсулотлари ҳар куни янги келтирилади. Ошхонада тайёрланаётган таомларнинг сифати ҳар доим диет ҳамшира Маҳфуза Хидированинг диққат-эътиборида. Болажонларнинг таклифига кўра ҳам миллий овқатлар тайёрланмоқда.



















