Ўзбекистон | 00:23 / 18.06.2020
5539
3 дақиқада ўқилади

Юқори Чирчиқда қуриб қолган кўл бўйида дам олиш зонаси барпо этилади

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги эски қуриб қолган кўл бўйида дам олиш зонаси барпо этилади. Бу ерда ресторан, аквапарк, коттежлар қурилиши, дарё бўйида эса балиқчилик ҳудуди ташкил этилиши кўзда тутилган

Лойиҳанинг умумий қиймати 40 миллион АҚШ доллари иборат бўлиб, мингга яқин иш ўринлари яратилади.

“Тадбиркор Гулинур Абдуллаеванинг бизнес режасига кўра, кўлга янгидан сув олиб келинади. Шунингдек, бу ердаги ошхоналарда дунёдаги турли хил давлатларнинг таомларини тайёрлаш ҳам йўлга қўйилади. Мақсад оромгоҳга туристларни жалб қилиб, янги иш ўринлари яратиш.

Бунинг учун етарли миқдорда электр энергияси ва канализация масаласида маҳаллий ҳокимликнинг ёрдами керак бўлади. Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов сайёр қабулда мазкур лойиҳа яқиндан танишиб, ижобий ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди”, дейди вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Беҳзод Қобулов.

Бўстонлиқ туманидаги “Хумсон булоғи” оромгоҳида ташкил қилинган сайёр қабулда вилоят ҳокими томонидан 300 нафарга яқин тадбиркорнинг муаммоси тингланди. Мурожаатларининг аксарияти турли хил туристик обеъктлар қуриш учун ер майдони ажратилиши сўрашган. Ишчи гуруҳ томонидан энг сара лойиҳалар танлаб олинган.

Хусусан, тадбиркор Аброр Адҳамов тақдим этган лойиҳага кўра, Бўстонлиқ туманида бир гектар майдонда кўп тармоқли реабилитация маркази барпо этилади. Лойиҳа мувофиқ 7-8 млн АҚШ доллари мидорида инвестиция киритилиб, замонавий шифо маскани қурилади.

Тадбиркор “Чорвоқ” эркин туристик зонаси дирекциясидан жой сўраган, барча зарур ҳужжатларни ҳам топширган. Реабилитация маркази ишга тушса, 100 киши ётиб даволаниш имкониятига ҳам эга бўлади, 150-200 киши иш билан таъминланади. Сайёр қабулда тадбиркорнинг лойиҳаси ижобий баҳо олди.

“Биз бундан уч  йил муқаддам Нанай қишлоғида собиқ поликлиниканинг иккита биносини сотиб олдик. Қарийб 5 миллиард сўмга яқин инвестиция киритиб, дам олувчилар учун уч қаватли меҳмон уйи барпо этдик. Лекин бинода қишлоқ врачлик пункти ҳам жойлашганлиги боис, фаолиятимизга халақит бермоқда.  Шу боис, янги қишлоқ врачлик пункти биноси қуриш учун учун ер ажратилса,  биз уни бунёд этиш ниятимиз бор. Ушбу таклиф билан ҳоким қабулига келгандик, муаммомиз ижобий ҳал этилиб, тегишли ташкилотларга топшириқ берилди”, – дейди тадбиркор Аҳмаджон Умаров.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид