Сайт мухбири вазиятга аниқлик киритиш мақсадида туман ИИБ, прокуратура ҳамда можаро иштирокчилари билан ҳам суҳбатлашди.

Қайд этиш керакки, икки томон ўша куни пахта тозалаш заводи олдида тасодифан пайдо бўлиб қолмаган. Зиддият илдизи бироз чуқур.

Туман ҳокимлигининг собиқ ҳуқуқшуноси Бахтиёр Ҳалимовнинг фермер Мурод Орипов билан келишмовчилиги у ҳокимиятда ишлаб юрган вақтлардан бошланган. Вазият шу даражагача етиб борганки, ҳуқуқшунос вазифасидан озод этилгандан сўнг ҳам улар бир неча марта кўча-кўйда тортишиб қолишган. Ҳалимовнинг айтишича, 29 май куни ўзига тегишли корхона муҳрини Мурод олиб қўяди. Ўша куни тушликдан кейин уларнинг пахта тозалаш заводи олдидаги учрашуви муҳрни қайтариб олиш ва муроса қилиш мақсадида келишилганди.

Пахта тозалаш заводи олдида вазият бошқача тус ола бошлагач, Б.Ҳалимов аввалига ИИБга тегишли «102» рақамига қўнғироқ қилган. Унинг ИИБга мурожаатига асосан ҳудуд профилактика инспектори О.Неков алоқага чиққан вақтда, Бахтиёр ҳаммаси жойидалиги, чақирувни бекор қилишни сўрайди.

Аммо масала осонликча ҳал бўлмайди.

 

Бахтиёр Ҳалимовнинг айтишича, завод олдига Мурод Орипов отаси билан бирга келади. Ўша вақтда ИИБ ходими – «Садриддин Айний» МФЙ профилактика инспектори, лейтенант Рустам Муҳиддинов ҳам пайдо бўлади. Бахтиёр ИИБ ходимига «Кетишингиз мумкин, мен чақирувни бекор қилдим, ўзимиз келишиб оламиз», дейди. Чақирувни бекор қилганини исботлаш учун дастлаб алоқага чиққан профилактика инспектори О.Неков билан Рустам Муҳиддиновни телефон орқали суҳбатлаштиради. Аммо профилактика инспектори кетишга шошилмайди.

Буни қарангки, қисқа фурсатларда профилактика инспектори Р.Муҳиддиновнинг кўз олдида жанжал бошланади. Дастлаб Мурод Бахтиёрнинг юзига мушт туширади. Муроднинг қишлоқдошлари ҳам шу жойда пайдо бўлиб, Бахтиёрни калтаклайди. Ўз навбатида, жанжалга Бахтиёрнинг амакиваччалари Шаҳбоз Ражабов ва Мурод Саноев ҳам аралашади. Икки томон ҳам бир-бирига зарар етказади.