Ўзбекистон | 13:55 / 19.06.2020
31630
3 дақиқада ўқилади

Тошкент–Самарқанд йўлининг сув тошқинидан зарар етган қисми яна ёпилган. ЙҲХБ изоҳ берди

Сув тошқини сабабли ёпилган Тошкент–Самарқанд йўли автомобиллар учун очилганидан икки кун ўтиб яна ёпилган.

Фото: Сирдарё вилояти ЙҲХБ

Ҳайдовчилардан бири Kun.uz почтасига қуйидаги мактубни йўллаган: «Kun.uz яқинда Тошкент-Термиз М39 йўлининг Сардоба тошқиндан зарар кўрган қисми очилди, деган бир хабар эълон қилганди. Шу йўл икки кун ўтиб яна ёпилди. Ҳамма сарсон. Йўл очиқ, лекин «ГАИ» тўсиб олган».

Kun.uz мухбири ушбу ҳолат юзасидан изоҳ олиш учун Сирдарё вилояти ИИБ ЙҲХБ Ахборот хизмати раҳбари Жавлон Тошбоев билан боғланди.

«Чиндан ҳам йўлнинг бу қисми 13 июнда очилган ва бу ҳақда хабар берилган эди. Йўлнинг тошқиндан зарар кўрган қисмидаги 4 кўприкнинг ҳаммасининг фақат бир томони очиқ. Шу боис бу ҳудудларда бир тарафлама ҳаракат йўлга қўйилганди.

Қурилишлар давом этаётгани, ғалла ўрими бошлангани туфайли йирик техника ҳам бу йўлга тушгани ва айни шу кунларда карантин қоидалари ҳам қисман юмшатилгани сабабли бу йўлда тирбандлик ҳаддан ортиқ кучайиб кетди. Дастлаб бир тарафлама ҳаракат ҳудудларида аввал бир йўналишни ўтказиб, иккинчи йўналишни тўхтатиб, ҳаракат тартибга солиб турилди. Аммо соатлаб тирбандликда туриб қолиш барибир ноқулайчиликлар туғдирди, ҳайдовчи ва йўловчиларнинг ўзлари ҳам иссиқда қолиб, норозиликлар билдиришди.

Биласиз, ҳаракатланаётган автомобиль учун энг ёмони бирор тўсиққа дуч келиб тўхтаб қолишдир. Шунинг учун масофа узоқроқ бўлса ҳам транзит автомобиллар учун Даштобод-Зарбдор-Жиззах йўналишида ҳаракатланиш мақсадга мувофиқ деган хулосага келинди ва бу ҳақда расман эълон қилдик.

Айни пайтда йўлнинг таъмирланаётган қисмида фақат қурилишларда ишлаётган техника, маҳаллий аҳолига тегишли ва ғалла ўримига жалб қилинган автомобиллар ҳаракатига рухсат берилган. Йўл транзит автомобиллар учун очилиши муддати бўйича қўшимча ахборот берамиз», деди Жавлон Тошбоев.

Эслатиб ўтамиз, 13 июнь куни «Тошкент-Самарқанд» йўналиши бўйича транспорт воситаларида ҳаракатланиш вақтида М-34 автомобиль йўлининг 103-км.дан А-373 автомобиль йўлидан фойдаланган ҳолда ҳаракатланиб ўтиб кетиш мумкинлиги хабар берилган эди.

Мавзуга оид