19 июнь куни Kun.uz сайтида «Malibu, Trаcker ва Orlando ярим тайёр маҳсулот сифатида олиб кирилаётгани сабабли миллионлаб солиқлар давлат ғазнасига тушмаяпти» – эксперт» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда Жанубий Кореянинг ИНҲА университети Халқаро савдо бўйича докторанти Валижон Тўрақулов ҳамда Жанубий Кореядан Ўзбекистонга автомобилларни импорт қилиш билан шуғулланувчи «YES CAR-MOTORS» компанияси раҳбари Ойбек Қамбаров билан миллий автомобиль саноатидаги муаммолар ва уларнинг ечими ҳақида уюштирилган суҳбат ёритилганди.

«Ўзавтосаноат» АЖ ушбу суҳбат бўйича муносабатини билдирди.

«19 июнда Kun.uz нашри Malibu, Tracker ва Orlando автомобилларини олиб кириш оқибатида давлат ғазнаси «Ўзавтосаноат» корхоналаридан миллионлаб солиқ тушумларини гўёки ололмай қолаётгани ҳақидаги хавотирларини ўз ўқувчилари билан ўртоқлашди. Қизиғи, негадир ушбу масала юзасидан фикр билдиришга ишлаб чиқариш мутахассислари ё корпоратив солиққа тортиш соҳаси экспертлари эмас, балки халқаро савдо бўйича назариётчи олим ва Ўзбекистонга Корея машиналари импорти бўйича амалиётчи таклиф этилган.

Chevrolet Orlando модели неча йилдан бери ишлаб чиқарилмаётгани ва республикага «Ўзавтосаноат» буюртмасига кўра келтирилмаётганига тўхталиб ўтирмаймиз (ҳолбуки, шунинг ўзи сарлавҳа муаллифларининг салоҳиятини шубҳага қўяди), балки март ойида рўй берган маҳаллий автомобилларга нархлар ўзгаришини июннинг охирида янги мавзу ўлароқ тақдим этиш бироз ғалати кўринишини қайд этамиз, холос.

Аммо, бошқа томондан, жалб қилинган экспертлар фаолиятларининг ўзига хос жиҳатлари ва шахсий манфаатлари инобатга олинса, мақола айни вақтида чиққан: гап шундаки, бир ҳафта олдин «Ўзавтосаноат» 1 августдан утилизация йиғими жорий этилиши муносабати билан ўз маҳсулоти нархини оширмаслигини расман ва оммавий эълон қилди. Компания, ўзи бошқалар қатори ушбу йиғим тўловчиси бўлса-да, нархларни аввалги даражада қолдириш учун ички имкониятларни излаб топиши айтилганди. Табиийки, бу ҳол тарифларининг ўсишини эълон қилиб қўйган бозор иштирокчилари учун нохуш янгилик бўлди. Рақобат муҳити мантиғига кўра, «қора PR» услубида жавоб бўлиши лозим эди. Танқид қилиш учун янгироқ сабаб топилмагани боис, карантиндан олдинги нарх шаклланишини эсга олдилар.