Ўзбекистон | 16:31 / 22.06.2020
4090
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда коронавирусга тест топширганлар сони 1 миллиондан ошган

Ўзбекистонда сўнгги бир кунда 17 мингдан ортиқ тест синови ўтказилган ва шу вақтгача тест қилинганлар сони 1 миллиондан ошиқни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори биринчи ўринбосари Ботиржон Қурбонов маълум қилинди.

Агентлик расмийси АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилишича, сўнгги бир кунда Ўзбекистондаги вирусологик лабораторияларда 17 600та, эпидемия мавсуми давомида 1 038 575та тест синови ўтказилди.

Маълум қилинишича, айни вақтда шифохоналарда даволанаётган беморларнинг 3 нафари ўта оғир, 15 нафари оғир, 125 нафари ўрта оғир аҳволда. Қолган беморлар қониқарли ҳолатда, шунингдек, 68 кишида пневмония аниқланган.

Эпидемик вазият нохуш бўлган ҳудудлардан келган ва беморлар билан мулоқотда бўлган 59 540 нафар фуқаро саломатлиги устидан тиббий назорат давом этмоқда. Жумладан, уй шароитида — 36 655 нафар фуқаро, стационар шароитда — 22 885 нафар фуқаро карантинга олинган.

22 июнь куни соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 6358тага етган. Шу вақтгача 4377 киши тузалган, 19 киши вафот этган.

Эслатиб ўтамиз, нодавлат тиббиёт ташкилотларига барча талабларга риоя қилган ҳолда ҳудудий санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари раҳбарлари томонидан имзоланадиган шартнома асосида 2020 йил 1 сентябрга қадар коронавирус инфекциясини лаборатор текшириш бўйича пуллик тиббий хизмат кўрсатишларига рухсат берилган.

Мавзуга оид