Ўзбекистон | 10:26 / 25.06.2020
39242
2 дақиқада ўқилади

«Ноқонуний қурилиш объекти бўлган». Вазирлик Қаршида бетон плита қулаб тушган бино бўйича маълумот берди

Жорий йилнинг 23 июнь куни Қарши шаҳар И.Каримов кўчасидаги “Насаф Травел” меҳмонхонаси биносининг ўнг томонидан қўшимча қурилаётган 5 қаватли янги қурилиши якунланмаган бинонинг том қисмидаги том ёпма қурилмаси (бетон плита) қулаб тушган эди.

Қашқадарё вилоят Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилганида, “Насаф-Травел” компаниясига тегишли ушбу объектидаги қурилиш ишлари рўйхатга олинмасдан, ноқонуний олиб борилгани маълум бўлди. 

Қурилиш вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, буюртмачи “Насаф-Травел” компанияси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги “Архитектура ва қурилиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 370-сон қарорининг, 5-иловаси, яъни, “Қурилиш-монтаж ишларини бошлаш ҳақида хабарнома юбориш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти”га мувофиқ, Қашқадарё вилоят Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясини хабардор этмаган.

Шунингдек, мазкур объект қурилиши бўйича, Қарши шаҳар ҳокимининг 2018 йил 5 июндаги “Насаф-Травел” компаниясига тегишли 4566,92 кв.м ер майдонида жойлашган “Меҳмонхона ва ресторан”ни реконструкция қилишга ҳамда ўз ҳудудидан ёрдамчи бинолар қуришга рухсат этиш тўғрисида”ги қарори билан, “объект атрофини тоза сақлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини доимий бажариш ҳамда объектда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун вилоят давлат архитектура қурилиш назорати инспекциясидан рухсатнома олиш юклатилган” бўлса-да, буюртмачи “Насаф-Травел” компанияси томонидан ушбу талаб бажарилмаган. 

“Инспекция томонидан ушбу объект қурилиши бўйича (2019 йил 29 ноябрда 30-сон ва 2020 йил 28 февралда 141-сон огоҳлантириш хати) буюртмачи “Насаф-Травел” компаниясини бир неча бор огоҳлантирган бўлишига қарамасдан, ноқонуний равишда объектда қурилиш-монтаж ишларини давом эттирган. Ва қурилиш меъёрларининг қўпол равишда бузилиши натижасида мазкур ҳолат келиб чиққан. Тадбиркорлик субъекти қонунда кўрсатилган эркинликларни суиистеъмол қилган. Ноқонуний қурилиш ишларини амалга оширган”, - дейилади вазирлик маълумотида.

Эслатиб ўтамиз, рўй берган ҳодиса оқибатида 1 нафар ишчи-ходим воқеа жойида вафот этган.

Мавзуга оид