Мазкур нашрда ҳар йили 187 давлат ва ҳудудлар, жумладан, АҚШ ҳукуматларининг одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кураш юзасидан олиб бораётган саъй-ҳаракатлари акс эттирилади. Мамлакатлар Палерма протоколининг "уч П"ни кузатадиган минимал стандартлари (одам сотиш билан шуғулланувчиларни жиноий таъқиб қилиш, одам савдоси қурбонларини ҳимоя қилиш ва одам савдосининг олдини олиш) бўйича баҳоланади.

Ўзбекистон кузатув рўйхати (Tier 2 Watch List)даги мамлакатларнинг иккинчи даражасида бўлишига қарамасдан, ҳисоботда мамлакатда ижобий янгиланишлар ва ҳукумат томонидан вазиятни ўзгартириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар қайд этиб ўтилган.

"Марказий Осиёдаги айрим мамлакатларда ҳукуматлар халқни пахта саноати ва бошқа соҳаларда ишлашга мажбур қилиши узоқ тарихга эга. Ўзбекистоннинг ушбу муаммони ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари минтақадаги бошқа мамлакатлар учун янги стандартларни ўрнатмоқда", – деди тақдимот чоғида Давлат котиби.

Ҳисоботда қонунчиликдаги ўзгаришлар, 2019 йилда фуқаролик фаоллари билан учинчи томон мониторингини олиб бориш ва одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича юқори даражадаги миллий комиссиянинг ташкил этилиши қайд этилган.

Ушбу Миллий комиссия Сенат раиси раҳбарлигида ташкил этилган, шунингдек, Миллий маърузачи институти жорий этилган. Бунинг натижасида профилактика ишлари кучайтирилган. Мазкур комиссия ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири  ҳамда Ички ишлар вазири раислигидаги  2 та мажбурий меҳнатга қарши курашиш ва одам савдосига қарши курашиш қуйи комиссияларидан иборат.

Ҳисоботда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси меҳнат инспекторлари сонининг кўпайтирилганлиги, Инспекция томонидан 21 172 та текширувлар ўтказилганлиги, 18 332 та мурожаатлар кўриб чиқилганлиги ва 259 нафар мансабдор шахсларга, шулардан 132 нафарига мажбурий меҳнат учун маъмурий жарима кўлланилганлиги ижобий баҳоланган.

Ҳукумат томонидан мажбурий меҳнат ҳолатларига йўл қўймаслик, уларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар алоҳида таъкидланган. Хусусан, мажбурий меҳнатга йўл қўйганлик учун маъмурий жавобгарликнинг кучайтирилганлиги, маъмурий жазо қўлланилгандан кейин мажбурий меҳнатга йўл қўйганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилганлигига урғу берилган. Халқаро меҳнат нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш бўйича ишлар давом эттирилди – ХМТнинг 4 та конвенцияси ратификация қилинди (“Уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисида”ги 144-сонли, “Қишлоқ хўжалигида меҳнат инспекцияси тўғрисида”ги 129-сонли, “Саноат ва савдода меҳнат инспекцияси тўғрисида”ги 81-сонли конвенциялар ва “Мажбурий меҳнат тўғрисида”ги 29-сонли Конвенциясига Баённома).