Аввало, фермерлар яйловлар билан таъминланади. Яқин икки ой ичида «меринос» зотли қўй ва «ангор» зотли эчкиларни етиштириш хўжаликларига Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидан 3 минг гектардан, Жиззах, Самарқанд, Тошкент вилоятларидан 2 минг гектардан, Наманган вилоятидан 1 минг гектар ер майдонлари ажратилади. Йил охирига қадар тоғолди яйловлар учун қурғоқчиликка чидамли озуқа экинлари бирламчи уруғчилиги ташкил этилади, деб ёзмоқда Norma.
 
2021 йил 1 январдан чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчи хўжаликларга субсидиялар ажратилади. Қўлда гилам тўқишга ихтисослашган ҳунармандлар ва ташкилотларга сотилган ҳар бир килограмм қўй ва эчкиларнинг жуни учун 2 000 сўмдан тўланади. Бюджет маблағлари ҳисобига субсидиялар бериш «Ўзбекчорванасл» агентлиги томонидан амалга оширилади. Қўй ва эчкиларни яйловларга ҳайдаб боқиш, жунни қайта ишлаш, бўяш ва қўлда гилам тўқиш бўйича лойиҳалар ташаббускорларига, истисно тариқасида, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан бир вақтнинг ўзида компенсация билан биргаликда кафиллик ҳам берилади.
 
Бевосита гиламларни тайёрлаш ва реализация қилиш бўйича:

биринчидан, «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси таркибидаги қўлда гилам тўқишга ихтисослашган ташкилотлар ва ҳунармандлар Халқ банки, Микрокредитбанк ёки Агробанкдан имтиёзли – МБнинг қайта молиялаштириш ставкасидан ошмайдиган ставка бўйича 18 ойга, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан фоиз ставкасининг ¼ қисми қопланган ҳолда 250 БҲМгача суммада кредит олишлари мумкин;

иккинчидан, 2020 йил 15 июлдан бошлаб «Ўзбекипаксаноати» уюшмаси таркибидаги қўлда гилам ва ипак мато тўқиш билан шуғулланувчиларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар бир гилам ва ипак мато тўқиш дастгоҳи учун 10 БҲМ субсидиялар ажратилади. Қўшимча шарти – учтадан кам бўлмаган иш ўрни яратиш;

учинчидан, қуйидагиларни экспорт қилиш бўйича транспорт харажатлари 50 фоизигача миқдорда компенсация қилинади:

а) тугунли гиламлар ва бошқа полга тўшаладиган тўқима қопламалар, тайёр ва тайёр бўлмаганлари:

таркибида 10 фоиздан ортиқ шойи иплар ёки ипак чиқитларидан йигирилган иплар бўлган, тарандилардан ташқари (ТИФ ТН коди 5701 10 100 0);

ипак иплардан, ипак чиқитларидан йигирилган иплардан, тарандилардан ташқари, сунъий иплардан, 5605-товар позициядаги иплардан ёки таркибида металл иплар бўлган тўқимачилик материалларидан (5701 90 100 0);