Азиз ўғил-қизларим!

Барчангизни юртимиз ҳаётидаги қутлуғ байрам – Ёшлар куни билан самимий табриклаб, ўзимнинг чуқур меҳрим ва эзгу тилакларимни билдиришдан ғоят мамнунман.

Бугунги кунда мамлакатимизда янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда азму шижоатли ёшларимизнинг ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётгани ҳаммамизни қувонтиради. 

Ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида, Ватан ҳимоясидек шарафли вазифани адо этишда миллионлаб ёшларимиз садоқат ва фидойилик билан хизмат қилмоқда. Сиёсий савияси етук, мустаҳкам фуқаролик позициясига эга юзлаб йигит-қизлар парламентимиз ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг аъзоси сифатида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий ҳокимият идораларида раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатмоқда. 

Республикамизда самарали ишлаётган 227 мингга яқин ёш тадбиркор ва фермерлар, моҳир ҳунармандлар иқтисодиётимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда. Юртимизда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун зарур шароитлар яратилмоқда.

Бу ҳақда гапирганда, биргина «Ёшлар – келажагимиз» дастури доирасида ёш авлод вакилларининг 7 минг 775та бизнес лойиҳасига 1 триллион 635 миллиард сўмдан зиёд имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб, шу асосда 40 мингга яқин янги иш ўрни ташкил этилганини қайд этиш лозим. 

Ана шундай эътибор ва ғамхўрлик туфайли ҳудудларда 27та «Ёш тадбиркорлар» коворкинг-марказлари ҳамда 157та «Ёшлар меҳнат гузари» фойдаланишга топширилди. Ушбу мажмуаларда 2 минг 200 нафардан ортиқ ўғил-қизларимиз ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлагани эътиборлидир. 

Шу билан бирга, «Ҳар бир ёшга – бир гектар» лойиҳаси бўйича барча ҳудудларимизда 65 мингга яқин ёш деҳқонларга 54 минг 232 гектардан зиёд ер ажратилди. 

Ана шундай муҳим чора-тадбирлар туфайли сўнгги уч йилда 560 минг 200 нафарга яқин ёш фуқаро иш билан таъминланди.  

Бу йил коронавирус пандемияси ҳамда Бухоро ва Сирдарё вилоятларида рўй берган офатлар бутун эл-юртимиз қатори ёшларимиз иродасини ҳам синовдан ўтказди. Ана шундай оғир вазиятларда минг-минглаб ўғил-қизларимиз чинакам мардлик ва жасорат кўрсатиб, барча тенгдошларига ўрнак бўлдилар.

Хусусан, мамлакатимизда ташкил этилган «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатининг асосий иштирокчилари ҳам ёшларимиз экани, Ҳаракат доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг 4 минг 500 нафар аъзоси кўнгилли сифатида фаол иш олиб бораётгани таҳсинга лойиқдир.