Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг:
аҳоли томорқаларига кафолатланган кўчат ва уруғларни тизимли етказиб беришни ташкил этиш учун "Томорқа хизмати" МЧЖларга иссиқхона, совиткичли омборхоналар, чорвачилик мажмуалари қуриш учун асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ ер майдони ажратиш;
"Томорқа хизмати" МЧЖлар кузатув кенгашлари таркибига, туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси аъзо бўлиб киришлари;
аҳоли томорқаларига кафолатланган кўчат ва уруғларни тизимли етказиб бериш, маҳсулотларни сотишни ташкил қилиш учун вилоятлар ва туман (шаҳар)лар марказий деҳқон бозорларида, аҳоли гавжум пунктларида "Томорқа хизмати" МЧЖлар учун махсус савдо майдонларини ажратиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан:
кластер усулида фаолият юритадиган "Томорқа хизмати" МЧЖларга 3 йил муддатга кредит ёки уларнинг устав капиталига кейинчалик сотиш ҳуқуқи билан улуш ажратади;
аҳоли томорқаларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун 20-30 тонналик кичик ҳажмли совиткичлар барпо этиш учун кредит ажратади;
тижорат банклари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасида уч ой имтиёзли давр билан бир йил муддатга 4 фоиз банк маржасини ҳисобга олган ҳолда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш йўналишида 2 миллион сўмгача Оилавий тадбиркорлик маркази хулосасисиз On-line тарзда томорқа ер эгаларига микрокредитлар ажратиш механизмини жорий этади.
Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан:
2023 йил 1 январга қадар "Томорқа хизмати" МЧЖ ҳамда қишлоқ хўжалиги кооперативларига бериладиган кредитлар бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача, бироқ 3 млрд сўмдан ортиқ бўлмаган ҳажмда кафиллик берилиши белгиланди;
фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари, "Томорқа хизмати" МЧЖ ва қишлоқ хўжалиги кооперативларига Фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси тўғрисидаги низом талабларини ҳисобга олган ҳолда, ажратиладиган кредитлар фоиз ставкасининг 7,5 фоизли пунктигача қоплаб бериш тизими жорий этилди.















