Туркия президенти маъмуриятидаги мудофаа саноати бошқармаси раҳбари Исмоил Демирнинг Twitter’да маълум қилишича, Туркияда ишлаб чиқилган биринчи кемаларга қарши ракетанинг синови вақтида қўйилган барча вазифалар муваффақиятли бажарилган. Унинг таъкидлашича, яқин орада ракета Туркия армияси қуролланишига топширилади ва АҚШнинг Harpoon ракеталари ўрнини эгаллайди.
Ракетани яратиш устидаги ишлар 2009 йилдан бошлаб Roketsan компанияси томонидан олиб борилган. Компанияда таъкидланишича, юқори аниқликдаги ракета патрул катерлари, фрегатлар ва корветларга ўрнатилиши мумкин. У парвоз вақтининг ўзида нишонни ўзгартира олади.















