Жамият | 14:29 / 06.07.2020
65711
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда туғилган сиам эгизаклари вафот этди

27 июнь куни Самарқанд шаҳрида дунёга келган сиам эгизаклари бугун, 6 июлда вафот этди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси Ахборот хизмати маълум қилди.

«Шу йилнинг 25 июнида фуқаро М.Ч. ҳомиланинг 38 хафталиги билан вилоят Перинатал марказига мурожаат қилган ҳамда 27 июнь, шанба куни ундан сиам эгизаклари дунёга келган.

Чақалоқларда нафас ва юрак етишмовчилиги борлиги, уларга доимий намланган ва илитилган кислород билан нафас олиши ҳамда тажрибали мутахассислар назоратида бўлиши зарурлиги сабабли эгизаклар жорий йилнинг 29 июнь куни Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига ўтказилган эди.

Бугун, 6 июль куни вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокорлар томонидан ўтказилган тезкор реанимацион муолажаларга қарамасдан, чақалоқларда кўп сонли туғма ривожланиш нуқсонлар борлиги сабабли дастлаб соат 7:50да сиам эгизакларининг биринчиси, 10:50да эса иккинчиси нафас ва юрак етишмовчилиги туфайли вафот этди», – дейилади хабарда.

Аввалроқ, ҳомиланинг аномал ривожланиши аввалдан маълум бўлгани, чақалоқнинг қўшалоқ туғилиши ҳақида ота-онасига хулоса берилгани ва она чақалоқни дунёга келтиришга қарор қилгани ҳақида хабар берилган эди.

«Бу касаллик дунёда жуда кам кузатиладиган ҳолат. 200-220 минг ҳолатда бир марта кузатилади. Ҳаётда бундай болалар кўп йил умр кўргани, масалан, 30-50 ёшга кирган ҳолатлари ҳам учрайди. Лекин биздаги ҳолат бироз мураккаб, яъни, танаси тўлиқ битта бўлиб кетган. Шу сабабли биз мураккаб текширувларни ўтказишни режалаштириб турибмиз», – деганди вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачи ўринбосари Дилшод Раҳмонов Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Шифокорнинг сўзларига кўра, ҳомиланинг қўшалоқ ривожланишига бир қатор омиллар сабаб бўлиши мумкин. Қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳ, онанинг ёши ўтгандан кейинги туғруқ, турли радиация нурлари ва экология бузилиши эҳтимоллари шулар жумласидан.

Мавзуга оид