Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-3-моддасида ҳайдовчиларнинг ҳаракат тезлигини белгиланган меъёридан ошириб юборгани учун, оширилган ҳаракат тезлигига қараб, уч хил оғирликдаги жарима тури назарда тутилади.

Бунда:

  • тезлик белгиланганидан соатига 20 километрдан кўп бўлмаган катталикда ошириб юборилганда – базавий ҳисоблаш миқдори*нинг бир баравари, яъни 223 000 сўм миқдорида;
  • соатига 20 километрдан ортиқ, лекин 40 километрдан кўп бўлмаган катталикда ошириб юборилганда беш баравари, 1 115 000 сўм  миқдорида;
  • соатига 40 километрдан ошириб юборилганда тўққиз баравари, яъни 2 007 000 сўм миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

(* бир базавий ҳисоблаш миқдори 223 000 сўмга тенг)

Маълумки, Солиқ кодексида солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси принципи мавжуд бўлиб, унга кўра солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги барча бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар солиқ тўловчининг фойдасига талқин этилади. Буни дабдурустдан тилга олганимизнинг сабаби – йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши бўйича фуқароларни жавобгарликка тортиш масаласида ҳам шунга ўхшаш қоида амал қилади.

Хусусан, Адлия вазирлигида 2011 йил 5 июлда 2240-сон билан рўйхатга олинган Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий ишларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг 8-бандида ҳайдовчи белгиланган тезликни ошириб юборганда тезликни ўлчайдиган махсус ускуналар ва транспорт воситалари спидометрлари кўрсаткичларидаги йўл қўйилиши мумкин бўлган жами нуқсонлар жамланган ҳолда ҳисобга олиниши керак.

Бунда тезликни ўлчайдиган ускуна рухсат этилган тезликдан соатига 5 километрдан ошиқ бўлганини кўрсатган тақдирда маъмурий баённома тузилади.

Яъни, тезликни ўлчашда вужудга келиши мумкин бўлган техник нуқсонлар ҳайдовчи фойдасига ҳал қилинган ҳолда шартли равишда қонунчиликда +5 км/соат бирлик белгилаб қўйилган.