Ўзбекистон | 16:42 / 10.07.2020
11709
2 дақиқада ўқилади

Дам олиш кунлари ҳарорат пасайиши кутилмоқда

Шарқий Қозоғистондан кираётган бироз салқин ҳаво оқими Ўзбекистонда кундузги ҳароратнинг пасайишига олиб келди. Дам олиш кунлари ҳарорат сақланиб туради.

Шанба куни Ўзбекистонда ҳаво бироз ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Фақат Тошкент, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ кузатилиши мумкин. Ўзгидромет хабарига кўра, Шарқий Қозоғистондан кираётган бироз салқин ҳаво оқими Ўзбекистонда кундузги ҳароратнинг пасайишига олиб келди. Ҳафта охирида кундузи ҳаво ҳарорати 32–35 даражани, Республика шимоли, жануби ва чўл зонасида эса 37–39 даражани ташкил қилади. Тунги ҳарорат 19–24 даража атрофида сақланиб қолади. Айрим жойларда шамолнинг тезлиги секундига 15−20 метрга кучайиши мумкин.

Якшанба куни Ўзбекистоннинг текислик ҳудудида об-ҳаво қуруқ ва очиқ бўлади, фақат республиканинг тоғли туманларида айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Нисбатан салқин ҳаво оқими таъсири якшанба куни ҳам сақланиб туради. Ҳаво ҳарорати кечаси 19–24 даража атрофида, кундузи 32–37 даража бўлади, мамлакат жануби ва чўл зонасида 39 даражагача исийди. Синоптиклар бундай ҳароратлар куннинг иқлимий меъёрларига яқинлигини таъкидлашган.

Мавзуга оид