Путин ҳали истеъфони қабул қилмаган
Россия Тергов қўмитаси губернатор микроавтобусдан туширилиб, самолётга олиб чиқилаётгани тасвирланган видеони эълон қилган. Бу эса Фургал Москвага олиб кетилгани ҳақидаги хабарларни тасдиқлайди. Маълум қилинишича, губернатор 6 соат давомида тергов қилинган.
«У эрталаб ишга кетаётганида уйи олдида қўлга олинган ва ҳатто вақтинча раҳбар тайинлашга ҳам улгурмаган. Ҳаммаси кутилмаганда бўлиб кетди», деган «РБК»га губернаторнинг матбуот котиби. Аммо у ҳаяжонда хато қилиб қўйган, чунки вақтинча губернатор вазифасини бажарувчи шахсни фақат президент тайинлайди.
Президент матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, Путин ҳали губернаторнинг истеъфосини қабул қилмаган, бунинг учун аввал у жиноий гуруҳларга аралашгани исботланиши керак бўлади.
Тергов версияси
Тергов қўмитаси губернаторни қўлга олиш жараёни тасвирланган видеони эълон қилди. Унда юзи ёпиқ ФХХ (ФСБ) зобитлари губернаторни машинасидан тушириб қўлга олгани тасвирланган. Тергов қўмитасининг хабар беришича, Фургал айбланаётган иш доирасида яна 4 киши гумонланувчи сифатида жалб қилинган. Маълум бўлишича, Фургал нафақат Хабаровск ўлкаси ва Амур областида, балки Приморьеда ҳам ўта оғир жиноятлар содир этганликда айбланмоқда.
Хабаровск губернатори гумондор сифатида жалб қилинган барча жиноятларда ташкилотчи бўлгани айтилган. Уни қўлга олишдан олдин гувоҳлар ва жабрланувчилардан кўрсатмалар олиниб, Фургални қўлга олиш учун етарлича далиллар тўпланган.
Фургал ким ўзи?
Сергей Фургал – собиқ шифокор-невролог, ўз вақтида ёғоч савдоси билан шуғулланган, 2007-11 йилларда давлат думасида депутат бўлган. Либераллар партияси аъзоси. У Хабаровск ўлкасида аввалдан машҳур бўлган ва икки йил олдин бутун мамлакат бўйлаб машҳур бўлиб кетди. Чунки у губернаторлик сайловида деярли 70 фоиз овоз тўплаб, «Единая Россия» партиясидан кўрсатилган номзод Вячеслав Шпортни мағлуб этди. Бунинг нимаси ҳайратланарли дейсизми? Шпорт Кремль томонидан қўллаб-қувватланган номзод, шунингдек Хабаровск ўлкасининг амалдаги раҳбари эди, шу сабаб Фургалнинг ғалабаси қимматли бўлганди. Таққослаш учун, 2013 йилги губернаторлик сайловида Шпорт 64 фоиз овоз тўплаб ғолиб бўлган, Фургал эса 20 фоиздан камроқ овоз олганди.











