24 июнь куни Kun.uz сайтида «Коронавирусга қарши курашга жалб этилган тиббиёт ходимларига қўшимча тўловлар берилмаяпти(ми?)» сарлавҳали мақола эълон қилиниб, унда коронавирусга қарши курашга жалб этилган шифокор Шерали Бахроновга қонунчиликда белгиланган қўшимча тўловлар тўланмаётгани тўғрисида сўз юритилганди.

Орадан маълум муддат ўтиб, Ш.Бахронов таҳририят билан қайта боғланди. Буни қарангки, бу сафар у ёлғиз эмасди: эндиликда мурожаат жамоавий тус олиб, унинг ёнига қолган 44 нафар ҳамкасби, яъни РШТЁИМнинг Тошкент шаҳар Яккасарой тумани 10-сонли тез тиббий ёрдам бўлимининг коронавирус инфекциясига қарши ташкил этилган махсус бригадасининг барча врачлари қўшилган.

Шифокорларнинг таҳририятга маълум қилишича, кейинроқ уларга ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловнинг икки ойлиги, яъни 2 206 000 сўмдан тўланган, учинчи ой учун эса тўланмай қолган.

Бундан ташқари, 2020 йил 26 мартдаги ПҚ-4652-сонли Президент қарорида коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган врач ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун 25 миллион сўмлик махсус тўлов тўланиши белгиланган бўлса-да, бу қарор ижро этилмай, мазкур тўлов уларга умуман тўланмаган.

«Карантин зонадан тест натижаси ижобий чиққанларни шифохоналарга олиб бориб ётқизамиз. 6 фоиз қўшимча тўловнинг 2 ойини – 2 206 000 сўм беришди, 1 ойи қолди. Махсус тўловни тўлашларини сўраганимизда эса масъуллардан: «Бу тўлов сизларга тўғри келмас экан, фақат тасдиқланган беморларни шифохонада даволаётганларга тўланаркан, «юқори»дан шундай дейишяпти», деган жавобни олдик.

Коронавирусга чалинган беморлар билан бевосита мулоқотда бўламиз. Худо кўрсатмасин-у, ўзимиз ҳам инфекция юқтириб олиб, ҳаётдан кўз юмадиган бўлсак, бу учун ким жавоб беради? Нега ишимизга бунчалик паст назар билан қарашяпти?» – дейди махсус бригада врачларидан бири.