«Медуза» мухбирлари Россиядан Ўзбекистонга қайтиш учун йўлга чиқиб, Қозоғистон чегарасида тўпланиб қолган ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари аҳволи ҳақида репортаж тайёрлади.

«Биз шунчаки уйга боришни истаймиз»

Ўзбекистон фуқаролари Самара ва Оренбург областлари чегарасида – Қозоғистон билан чегара назорати пунктига яқин Маштаков посёлкасида лагерь тикишган. Уёғига уларни ўтказишмади: Оренбург областида ҳам COVID-19 билан боғлиқ ҳолат оғир. Мухбирлар лагерга яқинлашиши ҳамоно машинани мигрантлар овқат ва сув келтиришди деб ўйлаб, ўраб олишди. Улар трасса бўйлаб туриб олиб, озиқ-овқат маҳсулотлари ташлаб кетадиган машиналарни «ушлашмоқда». Бизда ҳеч вақо йўқлигини билишгач, дарҳол қизиқишлари сўниб, бошқа йўловчи машиналарни пойлашга тушишди.

Бу ерда мингдан зиёд одам бор – уларнинг орасида болалар, ҳомиладор аёллар учрайди. Кимдир чегарани автобусда кесиб ўтишни режалаштирган бўлса, уларга осонроқ: ҳайтовур ухлаш учун жой бор. Қолганлар эса жазирамадан қутулиш учун шох-шаббалардан капа тикиб олишган, уларни чойшаб-у кўрпачалар билан ёпиб, ўт устига гиламча тўшаб олишган.

— Мен бу ерда бир ҳафтадан бери кутяпман. Айримлар 20 кун, бир ойдан буён шу ерда. Сиз бу ерда 20 дақиқа туришга уриниб кўринг-чи. Бу ерга қандай келиб қолдимми? Ҳамма каби. Коронавирус, карантин. Москвада ишлаётгандим, мени вирус туфайли ишдан бўшатишди. Мен уйга – Ўзбекистонга боришни истадим. Шу ергача келдим. Москвада менга маош ҳам йўқ, иш ҳам йўқ, – деб қўлларини ёяди Улуғбек.

Лагердагилар фамилиясини айтишни исташмайди, суратга тушишга ҳам ҳадеганда рози бўлишмайди. «Биз оқибатлардан қўрқамиз, шунинг учун керакмас».

Лагер яқинида Оренбург области томонидан чегара хизмати, ИИВ ва Росгвардиядан иборат жонли тўсиқ турибди.

— Бизни қўйишмаяпти, – дея давом этади Улуғбек. – Биз бандига айландик. Қайтадиган жойимиз йўқ, уйга бориш ҳам мумкин эмас. Ана, атрофимизни автомат ва резина таёқ билан ўраб олишган. Улар нега керак? Биз шунчаки уйга қайтишни истаймиз. Иш йўқ, пул йўқ, яшашга жой йўқ. Уйда эса оиламиз бор. Улар қандай яшашяпти? Нима еб-ичишяпти? Биз мутлақо бехабармиз. Телефон ишламайди, бу далада алоқа ҳам йўқ.

Ҳожатхона далада, сув идиш ёрдамида кир ювилади

Шу вақт лагерга бойлерда сув келтиришди. Машинага кўзи тушган заҳоти бу ердагилар 5 литрлик идишларини олиб кимўзарга сувга чопишди. Сувни кунига икки марта келтиришаркан. Бу сув текин, «давлат томонидан»: уни мигрантлар турган ҳудуд қарайдиган Большая Черниговка райони маъмурияти ташкил этибди. Баъзан хусусий шахслар сувни келтириб литрини 3 рублдан пуллашади.