«Давергеодезкадастр» қўмитасининг хабар беришича, 10 июль куни республика, вилоят ва туман миқёcидаги 7 нафар раҳбар эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
«Давлат идорасида ишлаётган ҳар бир инсон ўз зиммасига катта масъулиятни олади. Халқимизга беминнат, ҳалол меҳнат қилиш ва бу орқали уларнинг ишончини қозонишдан кўра лавозимини суиистеъмол қилиб, ўз ишига масъулиятсизлик ва совуққонлик билан қараётган, тизим идораларида етарли даражада ишни ташкил этмасдан, аксинча ўз нафсини ўйлаганлар минг афсуски орамизда мавжуд. Ҳар бир давлат идораси бундайлардан холи майдонга айланмас экан халқ ишончини қозониб бўлмайди.
10 июль куни кадастр йўналишида ҳам юқорида таъкидлаб ўтилган ҳолатларга йўл қўйган республика, вилоят ва туман миқёcидаги 7 нафар раҳбар эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Бу бошланиши! Соҳанинг ривожига тўсиқ бўлаётган ҳар бир муаммони ечиш қўмита олдида турган пировард мақсад бўлиб, мана шундай ходимлар доимий нишонда бўлади», дейилади қўмитанинг расмий хабарида.
Шу йилнинг 4 июль куни Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг янги раиси Халилилло Тўрахўжаев жамоатчиликка мурожаат қилиб, кадастр соҳасини шаффоф, коррупциядан холи тизимга айлантириш учун ўзбекистонликлардан ёрдам сўраган эди.
Халилулло Тўрахўжаев Давгеодезкадастр қўмитаси фаолиятидаги муаммолар, ҳал этилмаган ишлар, бюрократик тўсиқ ва ғовларга дуч келаётган, шунингдек, мазкур йўналишни ривожлантириш, такомиллаштириш бўйича ғоя ва таклифларга эга ўзбекистонликлар билан очиқ мулоқотга тайёрлигини билдирган.






