Ўзбекистон | 10:40 / 16.07.2020
51850
2 дақиқада ўқилади

Сергели тумани ИИО ФМБ подполковниги коронавирусдан вафот этгани маълум бўлди

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги тизимидаги яна бир ходим коронавирус қурбонига айланган.

Ички ишлар вазирлиги Сергели ИИО ФМБ подполковниги Абдулазиз Тошев 12 июль куни 42 ёшида вафот этган. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати 16 июль куни хабар берди.

«Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ва шахсий таркиби Тошкент шаҳар Сергели тумани бўйича ИИО ФМБ Ахборот технологиялари, алоқа ва ахборотни ҳимоялаш гуруҳи катта мутахассис-муҳандиси подполковник Тошев Абдулазиз Абдуваҳобовичнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг қариндош ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади», — дейилади ИИВ матбуот хизматит томонидан 16 июль куни эълон қилинган таъзияномада.

Маълум қилинишича, марҳум бошқа касалликдан даволаниш мақсадида касалхонага ётқизилган, у даволаниш давомида коронавирусга ҳам тест топширган ва тест мусбат натижа берган.

Шу тариқа, Ўзбекистонда ИИВ ходимлари орасида коронавирусдан ўлим ҳолатлари 3 нафарни ташкил қилмоқда.

Бунгача 13-14 июль кунлари Тошкент шаҳар ИИББ ходими, 36 ёшли майор А.Ш ва ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бўлими бошлиғи, 48 ёшли подполковник Ш.Н коронавирусдан вафот этгани хабар қилинганди. ССВ бу ўлим ҳолатларини 15 июль куни тасдиқлади. Ҳозирча Абдулазиз Тошевнинг ўлими вазирлик статистикасига киритилмаган.

Мавзуга оид