Қобил Турсуновнинг сўзларига кўра, бугунги кунда вилоятда қарийб 1 миллион нафар аҳолига 166та даволаш профилактика ва ёрдамчи муассасалар тиббий хизмат кўрсатмоқда. Хусусий секторда 184та тиббиёт муассасалари фаолият юритмоқда.
Вилоятда шу кунгача 362 нафар беморда коронавирус инфекцияси тасдиқланган бўлиб, жорий йилнинг 16 июль кунигача улардан 310 нафари тўлиқ тузалди. 52 нафар беморлар эса вилоятдаги 5та тиббиёт муассасасида даволанмоқда.
Айни пайтда 1240 нафар фуқаро уй карантинига олинган ва 60га яқин киши бирламчи аниқланган бемор сифатида уй шароитида даволанмоқда. Олиб борилган барча профилактик-даволаш жараёнларига қарамасдан 3 нафар ўта оғир беморда ўлим ҳолати ҳам кузатилган.
Вирус тарқалишининг олдини олиш ҳамда касалланишларни ўз вақтида аниқлаш мақсадида 5 июлдан бошлаб, вилоятда Германияда ишлаб чиқарилган тест диагностикумлари фаолияти йўлга қўйилди.
Вилоятнинг барча шаҳар ва туманлар СЭОМларида кунига ўртача 1200дан 1500гача тест учун намуналар олиш имконияти борлиги айтилди.
https://ok.ru/videoembed/1585388391103
5 июлдан бошлаб вилоят ССБ ҳузурида колл-маркази (79-220-47-65) фаолияти қайтадан ташкил этилиб, мутахассис врачларининг тун-у кун навбатчилиги йўлга қўйилди.
Қобил Турсунов айрим ижтимоий тармоқларда ёки аҳоли орасида вилоятда пандемия билан боғлиқ статистик маълумотлар ва мавжуд ҳолат тўғрисида нохолис ахборотлар тарқатилаётганини таъкидлади.
У АОКА ҳузуридаги штабда ўтказилган брифингда «Нима сабабдан Навоий вилоятида касалланганлар сони жуда ҳам кўп бўлишига қарамасдан, мутасадди вакиллар касалланганлар тўғрисидаги статистикани камайтириб кўрсатмоқда?» мазмунидаги савол ўртага ташланганига урғу берди.
«Мазкур саволга РСЭН давлат инспекцияси бошлиғи Н.Отабеков жавоб берар экан, шу кунгача вилоятларда касалланиш ва коронавирусдан ўлим даражаси бўйича берилаётган статистик маълумотлар халқдан хеч нарсани яширмасдан аниқ, ҳаққоний, шаффоф ҳолда берилаётганини айтиб ўтди. Жумладан, Навоий вилоятидаги ҳолат бўйича тарқалаётган хабарлар ҳам ноўрин ва ёлғон маълумот эканлиги қатъий таъкидланди.
Шундай экан, ортиқча саросимага берилмасдан, оғир-вазминлик билан, ҳар қандай миш-миш ва асоссиз маълумотларга ишонмасликларингизни сўраган бўлардим», — деди Турсунов.
















