“Шеъриятга ошно хушхулқ, фақиҳ обрўли,
грамматикани касб қилган аҳмоқ бўлади”
(Араб халқ мақоли)

Эҳтирослар қизғинлиги масала муҳимлигига тескари нисбатда

Бугунги пандемия шароитида она тили таълими ҳақидаги баҳс-мунозаралар бир қарашда кишига эриш туюладиган масала. Аммо пандемия ўтиб кетади, она тилимиз эса ҳар доим биз билан бирга. Бу – кўҳна ва ҳамиша навқирон мавзу. Бундан ўн йиллар бурун мен она тили таълимидаги ҳозир гапирилиши кўпчилик учун урф бўлган, керак бўлса, ўзини оммага танитиш, омманинг эътиборини тортиш воситасига айланган муаммолар ҳақида ёза бошлаганимда, “бир ўзингиз куйиниб, ўз ёғингизга қовриляпсиз, ёлғиз отнинг ... донғи чиқмас” деган истеҳзолар бўлар, мен эса ҳеч иккиланмасдан: “ғоя омма онгига синггач, моддий кучга айланади” деган фикрда турганман ва ҳаракатда давом этганман. Демак, ҳафсала, собитқадамлик билан киришилса ва қатъият билан ҳаракат қилинса, ғоя, агар у ҳаётбахш бўлса, тахминан ўн йилларда моддий кучга айлана олади. Ҳар қандай ижтимоий эътироф этилган муаммо – ечимнинг онаси. Бугун она тили таълими атрофидаги аёвсиз мунозаралар, ким нима дейишидан қатъи назар, унинг янги сифат босқичига кўтарилаётганидан далолат беради. Биз яқин ўн йиллар ичида муҳташам она тили таълимига эга бўламиз. Бунга мутахассис сифатида тўла аминман!   

Бугунги баҳсу мунозараларда икки масала ўта долзарб бўлиб турибди. Бири дарс соатлари бўлса, иккинчиси таълимдаги ортиқча илмийлик, кераксиз грамматизм, алмисоқдан қолган лингвистикабозлик. Таълим бамисоли учбурчак: нимани, қандай ва қанча ўқитиш керак. Бу нимани, қандай ва қанча ейиш ёки ичиш кераклигига ўхшайди. Асосий муаммо нимани қандай истеъмол қилиш кераклиги. Қанча еганингиз билан ейишни билмасангиз, фойдаси йўқ. Бир пақир сув ичсангиз ҳам, ичишни билмасангиз, бир стаканчалик фойда ололмайсиз. Демак, асосий муаммо – нимани қандай ўқитиш кераклиги. Биз эса асосий масала қолиб, энг сўнгги муаммо – қанча ўқитиш масаласи билан банд бўлиб қоляпмиз. Ва шу тариқа муаммо марказидан узоқлашиб кетяпмиз. Мутахассислар чуқур тадқиқотлар олиб бориб, қайси фанни ҳафтада қанча ўқитиш кераклигини илмий-физиологик, психологик ва педагогик жиҳатдан асослаб беришлари керак. Бу фанларнинг хусусиятидан келиб чиқади. Агар она тили таълими жозибадор бўлса, балки уни 6 эмас, 7 соат ўқитиш керакдир. Биз – мутахассислар, уни асослаб беришимиз керак эмасми?

Она тилимизнинг музлатилган, совуқ таълими жамиятда уни кераксиз деган ижтимоий фикр уйғонишига сабаб бўлди. Бунга биз – соҳа эгалари айбдормиз. Ҳар биримиз иллатни ўзимиздан қидирсак, шифосига эришамиз.

Гап бир-икки соатда эмас.