Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов аҳолига мурожаат қилиб, коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича бажарилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.
«Бутун дунёга тарқалган коронавирус пандемияси юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Хоразм вилоятида ҳам сўнгги вақтларда эпидемиологик вазиятнинг оғирлашиши, касаллар сонининг ошиши бизни ташвишга солмоқда», - деб сўз бошлади вилоят раҳбари.
https://ok.ru/videoembed/1589722548927
Беморлар сони ҳақида
«Бугунги кунда вилоятда 1053 нафар инсон коронавирус юқтириб олганликда гумонланиб, карантинга олинган. Шундан 277 нафари шифохонага ётқизилган, 18 фуқарода коронавирус аниқланган. Албатта бу жараён ҳаммани ташвишга солмоқда».
Call-марказ ҳақида
«Ҳозирги вақтда Урганч давлат университетида call-марказ ташкил қилинди, унга 22та ташкилотдан мутахассис бириктирилди, 10та телефон рақами суткасига 24 соат давомида ишламоқда».
Тез тиббий ёрдам машиналари ва мобил гуруҳлар ҳақида
«Фуқароларнинг мурожаатлари кундан кунга кўпайиши аниқ. Вилоятда 145та тез тиббий ёрдам машинаси бор эди. 20 июлдан яна 20та янги машина олинади ва ишга туширилади.
Шунингдек, касаллик аломатларисиз уйида даволанаётган беморларга ёрдам кўрсатиш учун вилоят миқёсида 52та мобил гуруҳ ташкил қилинди».
Коронавирусга тест топшириш ҳақида
«Вилоят фуқаролари барча туманлардаги Санитария-эпидемиологик осойишталик марказларида (СЭОМ) коронавирусга тест топшириши мумкин. Шунингдек, ОИТСга қарши кураш маркази, Суд тиббий экспертизаси, Нано-диагностика хусусий муассасаларида ҳам тест топшириш имкониятлари бор».
Шифохоналардаги ўринлар сони ҳақида
«Ҳозирги кунда вилоят Юқумли касалликлар шифохонаси, Эндокринология диспансери, Ногиронларни реабилитация қилиш маркази, Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиалидаги госпиталда коронавирусга гумонланган ва юқтириб олган беморлар даволанмоқда. Шунингдек, туманлардаги шифохоналарнинг юқумли касалликлар бўлимида ҳам беморларни даволаш имконияти бор.
Бугунги кунда вилоятимиз миқёсида 1180 беморни қабул қилиш имконияти бор. Ҳозир ўринлар сонини 3000тага етказиш бўйича чоралар кўрилмоқда».















