Мурожаатда Covid-19’га қарши курашиш мақсадида Тошкент шаҳрида қандай чоралар кўрилаётгани, беморлар учун шифохоналарда ўринлар етарли экани, тестни қаерларда топшириш мумкинлиги, «Ўзэкспомарказ»даги иш ҳамда пандемия шароитида олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари қандай ўтиши борасида сўз юритилди.

Дурдона Раҳимованинг таъкидлашича, Тошкент шаҳрида пандемия билан боғлиқ вазият мураккаблигича қолмоқда. Бугунги кунда касалланиш ҳолатлари 200тадан 300тагача бўлган оралиқни ҳамда ўлим суръати 3тадан 5тагача бўлган ҳолатни ташкил этяпти.

«Тошкент шаҳрида аҳоли билан ишлаш учун 2та Call-марказ фаолияти йўлга қўйилган. Биринчиси - 1105. Бу Call-маркази орқали Covid’га чалинган, уйда даволанаётган ҳамда карантинда бўлган фуқаролар ёки ўзида биринчи аломатларни сезаётганлар мутахассислардан тиббий маслаҳатларни олиши мумкин. Иккинчиси 1197 бўлиб, бу бугунги кунда даромадидан узилган ҳамда эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган, бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларини етказувчи марказ ҳисобланади», - деди ҳоким ўринбосари.

Шунингдек, унинг сўзларига кўра, бугунги кунда ПЗР тестларини топшириш учун кўплаб хусусий клиникалар ўз хизматини таклиф этмоқда.

«Булардан Jacksoft, «Олам+Т», Vitamed Medical, Prospect, Intermed Innovation, Vita Stimul Grand ҳамда Global Medical Center хусусий клиникаларида ПЗР лабораторияларига тест таҳлилларини топшириш мумкин. Бундан ташқари, Санитария-эпидемиология назорати марказларида ҳам тестлар қабул қилинмоқда», - дейди Дурдона Раҳимова.

Ҳоким ўринбосарининг айтишича, бугунги кунда Тошкент шаҳридаги 16та давлат муассасаларида Covid’га чалинган фуқаролар даволанмоқда. Улардан айримлари - Тошкент тиббиёт академияси, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти, Вирусология илмий-текшириш институти, Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббиёт реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази, Тошкент шаҳар 1-сон клиник шифохонаси, Республика 1-сон клиник касалхонаси, Республика 2-сон клиник касалхонаси, Травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ногиронлар реабилитация маркази, Нуронийлар санаторийси, Республика болалар ортопедия маркази, Тошкент шаҳар 3-сон туғруқ комплекси, Республика кўз касалликлари шифохонаси, Зангиотадаги махсус шифохона.