Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Декабрь ойигача барча ФҲДЁ органларида блокчейн технологияси жорий этилади – ДХА директори ўринбосари
Давлат хизматлари агентлиги директори ўринбосари Нўъмон Муҳаммадиевнинг таъкидлашича, айни пайтда «ФҲДЁ ягона электрон архиви» ахборот тизими блокчейн технологияси асосида модернизация қилинмоқда. Декабрь ойигача барча ФҲДЁ органларида блокчейн технологияси жорий этилиши кутилмоқда.
«ФҲДЁ соҳасига ҳам катта эътибор қаратяпмиз. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш ҳаракатлари тўртта турга бўлинади ва улар бўйича 14 та қайд дафтари юритилади. Масалан, оталикни белгилаш, туғилганлик, ўлим ва никоҳни қайд қилиш ва ҳоказо. Бу жараёнда юз бериши мумкин бўлган коррупция ҳолатлари ва бюрократиянинг олдини олиш, шаффофликни таъминлаш мақсадида ҳамма қайд қилиш китобларини электрон кўринишга ўтказиб бўлдик.
Иккинчидан, Европа Иттифоқининг молиявий кўмаги асосида Давлат хизматлари агентлиги ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури (БМТТД) ҳамкорлигида «ФҲДЁ ягона электрон архиви» ахборот тизими блокчейн технологияси асосида модернизация қилинмоқда. Декабрь ойигача барча ФҲДЁ органларида блокчейн технологияси жорий этилади.
Бу нима беради? Илгарилари никоҳни қайд эттириш учун ариза топширганлар бир ойлик муддатни кутиб ўтирмасдан турли йўллар билан 10-15 кунда никоҳ тузилгани ҳақидаги гувоҳномаларни қўлга киритганлар ҳақида эшитганмиз. Бу қандай амалга оширилган? Қайд дафтарлари ёзувлари орасига бир амаллаб янги ёзувлар киритилган, дейлик, ариза берувчи 30 июнь куни ҳужжат топширган бўлса, унга 10-15 кунда гувоҳнома бериш учун 15-20 кун аввалги ёзувлар орасига янги қайдлар киритилган. Мана шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ушбу янгилик жорий этилмоқда. Блокчейн технологияси ишга туширилгач жараёнга инсон омили аралаша олмайди, яъни қайдларга ҳеч қанақа ўзгартириш ёки қўшимча киритиб бўлмайди», дея Нўъмон Муҳаммадиевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Қайд этилишича, 2019 йил 15 февралдаги «Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида»ги президент қарори билан Адлия вазирлигига манфаатдор идоралар билан биргаликда «ФҲДЁ ягона электрон архиви» ахборот тизимининг блокчейн технологиясидан фойдаланиш асосида, шу жумладан давлат-хусусий шериклик шартларида жорий этилишини таъминлаш топширилган.
Блокчейн асосида яратилган модул хозирда фаолият юритаётган “ФҲДЁ ягона электрон архиви” ахборот тизимига қўшимча модул уланади. Унинг асосий вазифаси қуйидагилардан иборат бўлади:
– «ФҲДЁ ягона электрон архиви» ахборот тизимига қўшимча махсус аппарат воситаларидан фойдаланмасдан хавфсиз кириш ва тизимдан фойдаланиш имкониятини яратиш;
– киритилган фуқаролик ҳолати ёзувини блоклар деб аталувчи хеш-функция ёрдамида ўзгармас блокка жойлаштириш (хешлаш). Маълумотлар базасига тизимда иштирок этувчи барча иштирокчилар томонидан тасдиқланганидан кейин янги маълумот киритилишини ва ўзгартирилишини таъминлаш.
Алоҳида блокдаги маълумотни ўзгартириш тизимда фойдаланувчи томонидан мустақил равишда имкони мавжуд эмас, яъни бир блокдаги маълумотнинг ўзгартирилиши барча аввалги блокларга таъсир қилади. Шу жиҳатдан ахборот хавфсизлиги таъминланади ҳамда тизимда шаффофлик таъминланади.
«ФҲДЁ ягона электрон архиви» ахборот тизимининг блокчейн технологияси асосида модернизация қилиш ишларини тўлиқ якунлаш ҳамда амалиётга татбиқ қилиш жорий йилнинг декабрь ойига режалаштирилган.
Мавзуга оид
11:56 / 06.06.2026
Қурилишга рухсат олишда бир нечта давлат хизматлари бирлаштирилади
15:51 / 12.05.2026
800 га яқин давлат хизматида бюрократия нолга туширилиши айтилди
21:11 / 04.05.2026
Ўзбекистонда 086-шаклдаги тиббий маълумотномани онлайн юклаб олиш имконияти пайдо бўлди
14:43 / 11.04.2026