Жамият | 16:24 / 23.07.2020
4207
1 дақиқада ўқилади

«Рангсиз тушлар» фильми Италиядаги кинофестивалда иштирок этиш учун таклиф олди

«Ўзбеккино» миллий агентлиги буюртмасига биноат режиссёр Аюб Шаҳобиддинов томонидан суратга олинган «Рангсиз тушлар» фильми Италиянинг «Lucania» кинофестивалида иштирок этиш учун таклиф олди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабарида маълум қилинди.

Фото: Ўзбеккино

18 йилдан буён ўтказиб келинаётган «Lucania Film Festival» бутун дунёдан режиссёрларнинг муаллифлик фильмларини намойиш этадиган нуфузли халқаро кинофестивал ҳисобланади. 

Фестивалнинг бу йилги мавсуми 7-9 август кунлари Италияда бўлиб ўтиши режалаштирилган. 

Киноасарда жамиятда жазо муддатини ўтаб келган шахсларга нисбатан ноўрин муносабат шаклланиши, «одамлар нима дейди» каби қарашлар ортидан пайдо бўладиган чуқур ижтимоий муаммолар кўтарилган. 

Фильмда бош қаҳрамон ролини Феруза Саидова ижро этган. Шунингдек, киноасарда Карим Мирҳодиев, Шоҳида Исмоилова, Бекзод Абдумуҳитов ва Анвар Назаров каби актёрлар ҳам суратга тушишган. 

Филмнинг сценарий муаллифи Умид Ҳамдамов ҳисобланади.

Маълумот учун, Аюб Шаҳобиддиновнинг «Рангсиз тушлар» драмаси «Қозон мусулмон кинофильмлари» халқаро фестивали ва Ереваннинг «Fresco» маънавий-ахлоқий фильмлар халқаро кинофестивалларидан ҳам таклиф олган эди.

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид