916 йил давомида черков, 481 йил давомида масжид ва 80 йилдан ортиқ вақт давомида музей сифатида фойдаланилган Аё Софиянинг қайтадан мусулмонлар ибодати учун очилишига икки ҳафтадан буён тайёргарлик ишлари олиб борилди. Чипта кассасини олиб ташлаш, тарихий мозаика ва суратлар устини ёпиш ҳамда полларга гилам тўшаш шулар жумласидандир.

Таъкидлаш жоизки, ушбу тайёргарлик доирасидаги ишлар, айниқса, мозаикалар масаласи жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотиб келаётганди. Чунки Ислом динида сурат ва ҳайкаллар ибодат жойларига «фаришталарнинг кириши»га тўсқинлик қилади, деб билинади.

Мозаикалар намоз пайтида парда тизими билан ёпилиши маълум қилинди. Очилиш маросимидагина шундай йўл тутиладими ёки доимий шундай бўладими, ҳозирча номаълум. Мозаикалар намоздан ташқари вақтларда ташриф буюрувчилар учун очиқ бўлиши кутилмоқда.

Аё София обидаси ичида христианлик эътиқодига кўра муқаддас саналган сиймолар ва Византия императорлари тасвирланган кўплаб мозаикалар мавжуд. Ушбу мозаикалар IХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб яратилгани тахмин қилинади.

Аё Софиядаги мозаикалар ва уларнинг тарихий аҳамияти ҳақида Нишонтоши университети ўқитувчиси ва Истанбул гидлар палатаси аъзоси доктор Седат Борновали BBC нашрига ўз фикрларини баён этди.

Аё Софиядаги мозаикалар қачон яратилган?

«Тарихнинг энг узун шеъри – Аё София» деб номланган китоб муаллифи Бирновали VI асрда қурилган Аё Софияда олтин билан қопланган мозаикалар мавжудлиги ва 16 минг квадрат метр майдон юзаси мозаикалар билан безатилганини айтди.

«Илк мозаикалар фигурали бўлмаган. Агар шундай бўлган тақдирда ҳам 726 ва 843 йиллар орасида «иконокласт даври» номи билан танилган бу даврда улар йўқ қилинган бўлса керак. Шу боис, бугун томоша қилинаётган ва христианликда муқаддас саналган сиймолар акс этган мозаикаларнинг дастлабкиси 867 йилда яратилган, деган фикр мавжуд», дейди у.

Борновали 1453 йилда Истанбул фатҳ этилгандан сўнг бино масжидга айлантирилган, аммо мозаикалар учун ҳеч қандай қоплама ишлатилмаганини таъкидлади.