«Бугунги кунда дарсликларни яратишда таълим муассасалари ўқувчилари, ўқитувчилари ва ота-оналари ҳамда кенг жамоатчиликнинг фикри муҳим ҳисобланади. Шу мақсадда режа асосида нашрга тайёрланаётган дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларнинг мазмуни, дизайни ва сифатини янада яхшилаш ҳамда такомиллаштириш юзасидан Республика таълим марказида «Darsliklarga taklif – 2020» боти ва «Darslikka kelgan takliflar» телеграм гуруҳи ташкил этилди. Шу телеграмм каналлари орқали келиб тушаётган таклифлар дарслик муаллифларига етказилмоқда, мақбуллари дарсликлар мазмунига сингдириб борилмоқда.
Ҳозирга қадар Республика таълим марказига фойдаланувчиларимиз томонидан 8000 дан ортиқ таклифлар келиб тушди. Дарсликлар юзасидан келиб тушаётган ўринли таклиф ва мулоҳазалар Марказнинг фан методистлари томонидан ўрганиб чиқилиб, дарсликларни даврийлик асосида нашрга тайёрлаш жараёнида инобатга олинмоқда. Дарсликлар юзасидан келиб тушган таклифларга мутахассис ҳамда методистлар томонидан тайёрланган жавоблар фойдаланувчиларга юборилмоқда.
Шунингдек, «Дарсликлар муҳокамаси» телеграмм каналига жорий йилда янги ва қайта нашр этиладиган дарсликларнинг ПДФ нусхалари босқичма-босқич қўйиб борилмоқда. Бугунга қадар бу каналимизга 225 дан ортиқ таклифлар келиб тушди. Таклифларнинг асосий қисми дарслик мазмуни, бир қисми дарслик дизайни ҳамда дарсликдаги имло хатолар тўғрисида бўлиб, ушбу таклифлар дарсликларни нашрга тайёрлаш жараёнида инобатга олинмоқда.
Пировардида, дарсликлар юзасидан келиб тушаётган ўринли таклиф ва мулоҳазалар шубхасиз дарсликларни мазмунан такомиллаштиришга янги туртки беради. Бу эса, сифат жиҳатдан янгиланган дарсликларни яратишда, Республика таълим маркази билан кенг жамоатчилик ўртасидаги самарали алоқани таъминлашга хизмат қилади», дея Шуҳрат Сатторовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Унинг қўшимча қилишича, дарслик ва ўқув-методик қўлланмаларни нашрга тайёрлашда асосий эътибор мазмун ва сифат жиҳатидан халқаро талабларга жавоб беришига қаратилмоқда. Бунинг учун амалиётчи ўқитувчилар ҳамда фан методистлари ҳамда салоҳиятли олимлар томонидан дарсликлар бир неча бор экспертизадан ўтказилган. Экспертиза хулосалари асосида эса дарсликлар муаллифлари, нашриёт ходимлари ҳамда фан методистлари ҳамкорлигида дарсликлар қайта ишланиб, мазмуни ва иллюстрацияларига тегишли ўзгартиришлар киритилган.
«Бугунги кунда қайта нашрга тавсия этилган иллюстрацияси эскириб кетган, ёрқин рангларда бўлмаган, чизилган расмлар ўзининг жозибадорлигини йўқотган дарсликларни такомиллаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бу йилги чоп этиладиган дарсликлар қайта нашрдаги дарсликлар бўлганлиги сабабли асосий урғу дарсликларнинг мазмуни ва дизайнига қаратилди.









