Ўзбекистон | 15:51 / 25.07.2020
11908
2 дақиқада ўқилади

Нега магистратура босқичида ўқишни кўчириш мумкин эмас? Вазирлик изоҳ берди

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот котиби Фарҳод Бабашев АОКАда ўтказилган брифингда нега ўқишни кўчириш амалиёти таълимнинг магистратура босқичида амал қилмаслиги бўйича изоҳ берди.

“Олий таълим муассасаларига, шу жумладан, хорижий олий таълим муассасаларидан талабалар ўқишини кўчириш Вазирлар Маҳкамасининг 393-сонли қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги Низом”га мувофиқ амалга оширилади.

Мазкур Низомнинг 232-бандига мувофиқ, хорижий олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида таҳсил олаётган талабалар ўқишини Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига кўчирилишига рухсат этилмайди.

“Магистратура тўғрисидаги Низом”га мувофиқ, магистратура талабаларига биринчи ўқув йилининг дастлабки  икки ойида магистрлик диссертациялари мавзулари ва уларга бириктирилган илмий раҳбарлар тасдиқланади. Магистратура талабаларининг магистрлик диссертацияларини тайёрлаш жараёни биринчи курснинг биринчи семестридан бошланади. Магистратура талабалари ўқишининг кўчирилиши натижасида уларнинг қолган муддатда магистрлик диссертацияларини янгидан белгиланган талаблар даражасида тайёрлаш имкони мавжуд эмас.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда магистратура босқичида талабалар ўқишини кўчириш мақсадга мувофиқ эмас”, дея вазирлик вакилининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид