Президентнинг “Умумтаълим муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси ҳамда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини унификация қилиш ва ягона имтиҳонни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

2021-2022 ўқув йилида тажриба синов тариқасида Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан белгиланадиган ҳудуддаги умумий ўрта мактаб ва академик лицей, 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб барча умумий ўрта мактаб, академик лицей ва қабули 9-синф негизи асосида амалга ошириладиган касб-ҳунар мактаби (умумтаълим муассасалари) битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси ҳамда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари унификация қилиниб, ягона тест синовларини ўтказиш йўлга қўйилади.

Белгилаб қўйилишича:

  • умумтаълим муассасаларининг жорий йил битирувчилари якуний давлат аттестацияси имтиҳони сифатида учта фан — она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи (мажбурий фанлар) фанларидан тест синовларини топширади;
  • мажбурий фанлар бўйича тест синови натижалари умумтаълим муассасаси битирувчиларининг умумий таълим тўғрисидаги ҳужжати (шаҳодатнома, дипломи)га қўйилади;
  • олий таълим муассасаларига кириш истагини билдирган умумтаълим муассасалари битирувчилари шахсий танловига кўра, ихтиёрийлик асосида бакалавриат таълим йўналишларига мос фанлардан тест синовларини топширади;
  • 2022 йилдан бошлаб, аввалги йилларда таълим муассасаларини тугатганлар белгиланган муддатларда бакалавриат таълим йўналишларига мос фанлар ва мажбурий фанлардан тест синовларини топширади;
  • тест синовлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (Давлат тест маркази) томонидан амалга оширилади;
  • тест синовлари натижалари (фан бўйича тўғри жавоблар сони) ўтказилган куннинг эртасига Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади;
  • тест синовлари натижалари олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ўтказиладиган танловда баҳолаш мезонларига мувофиқ инобатга олинади;
  • олий таълим муассасаларига кириш истагини билдирган умумтаълим муассасалари битирувчилари ва аввалги йилларда таълим муассасаларини тугатганларга (абитуриентлар) тест синови топширган мос ўқув тили ва фанлар мажмуаси бир хил бўлган таълим йўналишлари бўйича танловларда иштирок этиш ҳуқуқи берилади;