Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот котиби Фарҳод Бабашев магистратура босқичига ҳужжат топшириш ва ўқишни кўчириш бўйича онлайн платформаларда кузатилаётган носозликлар юзасидан изоҳ берди.
“Магистратурага кириш имтиҳонларида иштирок этиш учун онлайн ариза топшириш magistr.edu.uz веб-сайти орқали амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг 25 июль соат 11:00 ҳолатига абитуриентлар томонидан келиб тушган аризалар сони 37 минг 935 тани ташкил этади.
Бу кўрсаткич 2018-2019 ўқув йили учун жами 11 минг 999тани, 2019-2020 ўқув йили учун эса 25 минг 913тани ташкил этган. Демак, бугунги кунда магистратура босқичида таҳсил олиш истагини билдирган талабалар сони деярли 3 баробарга ошган.
Талабалар ўқишини кўчириш ва тиклаш учун онлайн ариза юбориш ахборот тизими transfer.edu.uz веб-сайти орқали амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг 25 июль ҳолатига талабгорлар томонидан келиб тушган аризалар сони 8286тани ташкил этади. Ушбу ахборот тизими Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази маълумотлар базаси билан интеграция қилинган. Жорий йилнинг 20-23 июль кунлари transfer.edu.uz ахборот тизими орқали аризаларни рўйхатда ўтказишда Давлат персоналлаштириш маркази маълумотлар базасидан онлайн режимда фуқароларнинг ЖШШИР (жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами) орқали паспорт маълумотларини олишда узилишлар юзага келган.
Ҳозирги кунда эса платформаларда барча муаммолар бартараф этилди. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз”, деди вазирлик расмийси АОКАдаги брифингда.
Шунингдек, магистратурага ҳужжат топшириш жараёни бўйича қўшимча маълумот берилди.
“Талаба магистратурага ҳужжат топширган йўналашини ўзгартирмоқчи бўлса, ўзи ҳужжат топширган ОТМга рўйхатдан ўтказилганини бекор қилиш тўғрисида мурожаат қилиши, у бекор қилингачгина бошқа ОТМ ёки мутахассисликка топшириши керак бўлади”, дея Бабашевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

















