Қоҳира бомбалаш билан таҳдид ҳам қилиб кўрди, тинчгина келишишни ҳам таклиф қилди, бироқ букилмас Аддис-Абебанинг парвойи фалак, деб ёзади журналист Александр Артамонов.

Кўк Нилдаги Ҳидасе сув электр станцияси: wikipedia.org

2020 йилнинг ёзига келиб, Эфиопия (Ҳабашистон) энергетиклари Кўк Нил дарёсида «Ҳидасе» гидроэлектр станцияси қурилишининг асосий босқичини якунлашди. У Африка қитъасидаги энг каттаси, жаҳонда еттинчи ўриндаги бўлади, бу ГЭС Эфиопияни иқтисодий ривожланишнинг янги босқичига олиб чиқиши мумкин. Бироқ, мамлакатнинг кутилаётган гуркираши, дарёнинг қуйи оқимида яшовчи 160 миллион киши учун улкан муаммолар яратиши ҳам мумкин.

Гап Миср ҳақида бормоқда. Эфиопиядаги янги ГЭС Нилдаги сув миқдорини камайтиради, бу эса Африканинг буюк дарёсига неча асрлардан буён боғлиқ бўлиб келаётган фиръавнлар юрти учун кони зарар бўлиши тайин. Қурилишнинг бошланиш онларидан буён муаммони ҳал қилиш борасида музокаралар ўтказиб келинмоқда, бироқ уларнинг барчаси натижасиз якунланган.

Бировнинг ҳисобига равнақ топиш

«Ҳидасе» ГЭС қурилиши 2011 йилда бошланган. Баландлиги 560 метр, кенглиги 1700 метр бўлган тўғон Эфиопиянинг энг ғарбий қисмида Судан чегарасига 7 км етмасдан Кўк Нилнинг сувини тўсган. Тўғондан 800 км қуйи қисмида Кўк Нил Оқ Нил билан қўшилади ва ерда Судан пойтахти Хартум жойлашган.

Ҳидасе сув омбори тўғони қурилиши. Фото: Tiksa Negeri / REUTERS

«Ҳидасе» амҳар тилида «янгиланиш» маъносини беради. Станциянинг иккинчи номи ҳам бор «Тайҳигэ» — «Эфиопиянинг буюк қайта туғилиши тўғони» расмий номининг аббревиатураси. ГЭС чинданам мамлакат иқтисодиёти ривожланишини жадаллаштириши мумкин.

Унинг қуввати 6450 МВт бўлиб, Эфиопиянинг айни дамдаги жами электр станциялари қувватидан бир ярим баравар кўпроқ.

«Ҳидасе» шарофати билан мамлакат электр энергияси тақчиллигидан бутунлай халос бўлиши кўзланган — айни пайтда 100 миллион нуфусга эга Эфиопиянинг 65 фоиз аҳолиси кечаси чироқсиз ўтирибди. Ёмғирлар мавсумида ГЭС ортиқча электр энергияси ишлаб чиқаради ва уни Эфиопия қўшни давлатларга экспорт қилмоқчи.