Ўзбекистон | 17:33 / 26.07.2020
2940
2 дақиқада ўқилади

Йил охиригача 5,5 мингдан ортиқ аёлга ногиронлик мосламалари олиб берилади – вазирлик

Фото: Depositphotos

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот котиби Саодат Боймирзаева жорий йилда хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича белгиланган режалар ҳақида маълумот берди.

«Жорий йилда республикада 5579 нафар ногиронлиги бор хотин-қизларни қиймати 3 млрд 600 млн сўмлик 2250та ногиронлик аравачаси, 2 млрд 171 млн 200 минг сўмлик 1357та эшитиш мосламаси, 2 млрд 70 млн 600 минг сўмлик 1972та реабилитация воситалари билан таъминлаш кўзда тутилган.

Мазкур мақсадлар учун Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан умумий ҳисобда 7 млрд 841 млн 800 минг сўм ажратиш режалаштирилмоқда», – деди у АОКАда 26 июль куни ўтказилган брифингда.

Вазирлик расмийси эҳтиёжманд хотин-қизларни арзон турар жой билан таъминлаш борасидаги ишларга ҳам тўхталди.

«Жорий йил туман (шаҳар)лардаги махсус комиссия танловидан ўтган 1586 нафар хотин-қизлар рўйхати шакллантирилди. Уларга ажратилган арзон уй-жойларнинг 10 фоиз миқдоридаги бошланғич бадалини тўлаб бериш учун Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси томонидан 34 млрд 225 млн ажратилган.

Ҳозирда Қорақалпоғистон Республикасидаги 96 нафар оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизларнинг арзон уй-жойлар олиши учун 1,5 млрд сўм миқдорида бошланғич бадаллар тўлаб берилди. Шунингдек, қолган ҳудудлар бўйича белгиланган ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда», – дея Боймирзаеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид