Ўзбекистон | 18:30 / 27.07.2020
30069
1 дақиқада ўқилади

Ҳабибулла Оқилов: Ўзбекистонда коронавируснинг биринчи тўлқини ҳали чўққидан ўтмаган

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ҳабибулло Оқилов «Оилавий» телеканалининг «COVID-19: долзарб саволлар» дастурида Ўзбекистондаги коронавирус билан боғлиқ вазият ҳақида маълумот берди.

Унинг қайд этишича, Ўзбекистонда ҳозир коронавируснинг биринчи тўлқини давом этмоқда ва иккинчи тўлқин ҳақида гапиришга ҳали эрта.

«Иккинчи тўлқин ҳақида ўйлаш учун биринчи тўлқин тугаши керак. Охирги бемор тузалгач, маълум вақт ўтиб бошқа коронавирус бемори пайдо бўладиган бўлса, иккинчи тўлқин бошланади.

Ҳозир Ўзбекистонда коронавирус тарқалиши биринчи тўлқиннинг чўққисига чиқмаган», деди штаб аъзоси.

У коронавирус билан боғлиқ вазият тезлик билан ўзгараётгани ва даволаш стандартлари ҳам ўзгариб турганини таъкидлаган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда шу вақтгача коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ ҳолатлар сони 21 мингга яқинлашган, 119 бемор вафот этган, 11 мингдан ортиқ киши касалликдан тузалган, айни вақтда 9,5 мингдан ортиқ киши даволанмоқда.

Мавзуга оид