Россиянинг Хабаровск ўлкасидаги можародан чиқиш йўлини ҳокимият ҳам, намойишчиларнинг ўзлари ҳам кўрсатолмаяпти, деб ёзади Михаил Шевчук.

Шаҳарликлар Хабаровск ўлкаси губернатори вазифасини бажараётган Михаил Дегтярёвга қарши, улар ҳибcга олинган собиқ губернатор Сергей Фургални қўллаб-қувватлашмоқда.
Фото: Дмитрий Моргулис / ТАСС

Россия Тергов қўмитаси терговчилари ФХХ билан биргаликда Сергей Фургални қўлга олишганидан сўнг Хабаровск халқининг федерал марказга табиий равишда пайдо бўлган очиқдан очиқ қаршилиги йилнинг энг диққаттортар сиёсий воқеасига айланди. Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича овоз бериш ҳам иккинчи планга чекинди — бу ердаги натижа ва эҳтимолли эътирозлар ҳам олдиндан маълум эди, бироқ Хабаровкдаги «исён» тобора қизимоқда ва унинг нима билан тугаши ҳам номаълум.

Бундай тўқнашувга Россия илк марта дуч келиб турибди. Ғазабга минган аҳоли ҳудуд раҳбари истеъфосини талаб қилган пайтлар бўлган. Масалан, Калининградда 2009-2010 йилларнинг қишида ёки Ингушетияда 2018 йилда. Кремль ўшанда ён беришга мажбур бўлган: Калининград губернатори Георигий Боосни кейинги муддат сайлови номзодлари орасига қўшишмаган (ўшанда губернаторлар уч номзод орасидан тайинланарди), Ингушетияда эса президент маъмуриятида бир неча мансабдор лавозимидан айрилган, раҳбар Юнусбек Евкуров эса митинглардан сўнг истеъфога чиққан.

Бироқ, Москванинг ўз хоҳишига кўра кимнидир ишдан бўшатиш ҳуқуқи ҳеч қачон ҳеч ким томонидан сўроқ остига олинмаганди. Аксинча, бу ҳуқуқни номақбул губернаторнинг рақиблари доимо олқиш билан кутиб олишган. Юрий Лужков каби машҳур раҳбарларнинг истеъфоси ҳам ўз вақтида сўзсиз қабул қилинган. Узоқ Шарқнинг ўзига хос сиёсий хусусиятига қарамасдан, Александр Хорошавинни (2007-2015 йилларда Сахалинск области губернатори) ҳимоялаб ҳеч ким кўчага чиқмаган эди, 2018 йилда Приморье ўлкасида ҳукмрон партия учун муваффақиятсиз ўтаётган губернаторлик сайловларининг бекор қилиниши ҳам Кремль учун оғриқсиз якун топганди.

«Ўз губернаторлари»ни ҳимоя қилаётган хабаровскликлар ҳеч нарсага унашмаяпти — на коронавирус билан қўрқитишларига, на Жириновский томонидан айтилган Фургал ўзи кетмоқчи бўлиб юргани ҳақидаги «инсайд»ларга, на намойишлар хориждан туриб бошқарилаётгани ҳақидаги шамаларга. Митингларда борган сари ҳудудий нота янграмоқда — Москвага қарши шиорлар пайдо бўлган, Хабаровск ўлкаси байроғидан жуда кўп фойдаланилмоқда. Фургал номига ёғдирилаётган айбловлар ҳам уларни заррача ташвишлантираётгани йўқ, чунки ўлка ва шаҳар номига қўйилган Ерофей Хабаров ҳам ўз вақтида зиндонбанд қилинган.