Жамият | 08:57 / 28.07.2020
4969
2 дақиқада ўқилади

Бир марҳум учун 2 марта ўлим тўғрисидаги гувоҳнома: Навбаҳорда жами 154та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди

Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида жорий йилнинг ўтган даври мобайнидаги туғилганлик, перенатал ўлим ва ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳномаларни беришда 154та ҳолатда хатоликка йўл қўйилган.

Туман адлия бўлими томонидан тиббиёт бирлашмаси ва унинг қуйи бўғинларида «перинатал ўлим ва ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳномаларни бериш тартиби тўғрисида»ги йўриқнома талабларига риоя этилиши мониторинг қилинганда туғруқ ва реанимация бўлими, ҚВП ва ҚОПларда жуда кўп ҳолларда туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома, перинатал ўлим ва ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳномаларни беришда хато ва камчиликлар кузатилган.

Текшириш жараёнида ўлим тўғрисидаги гувоҳномаларнинг нусхалари кўздан кечирилиб, баъзиларида марҳумнинг вафот этган вақти, исми фамилияси, айримларида эса вафот этган жойи кўрсатилмаган ёки нотўғри ёзилгани, ўлимни қайд этиш журналида рўйхатга олиш ойлар давомида кечиктирилгани, бир марҳумга ўлим тўғрисидаги гувоҳнома 2 марта берилгани маълум бўлган.

Бу ҳолат йўриқноманинг 29-бандига зид. Унга кўра ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома ҳар бир ўлим ҳолларида тиббий муассаса ёки суд-тиббий экспертиза бюроси томонидан берилиши белгиланган.

Кузатувлар давомида туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаларни тўлдириш жараёнида ёзувларнинг бўялгани, саналар ва ота-оналарнинг исми фамилияси ўзгартирилгани маълум бўлди.

Туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси Ориф Султоновнинг сўзларига кўра, Оила кодексининг 223-моддасида ўлимни фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида қайд этмасдан марҳумни дафн қилиш тақиқланган. Бироқ, туманда 56та ҳолатда дафн маросимидан сўнг тиббий гувоҳномалар олингани маълум бўлган. Aҳоли томонидан оммавий тарзда йўл қўйилаётган камчилик — ўлим ҳақидаги гувоҳномаларни олиш вақти ва олганини тасдиқловчи имзоларнинг мавжуд эмаслиги билан боғлиқ. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 72та ҳолатда ўлим ҳақидаги гувоҳномалар марҳумнинг яқин қариндошлари томонидан имзоланмаган.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан Навбаҳор туман адлия бўлими томонидан аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича туман тиббиёт бирлашмасига тақдимнома киритилиб, йўриқнома ижросини таъминлашда масъулиятсизликка йўл қўйган ходимларга нисбатан қонуний тартибда интизомий чора қўлланган.

Мавзуга оид